Қадимий бир афсонага биноан, кўп асрлар илгари Ливаннинг мўъжизакор ўрмонзорида учта арча туғилди. Маълумки, улар жуда секин ўсади, шунинг учун дарахтларда ҳаёт ва ўлим, инсон ва табиат ҳақида мушоҳада юритишга юз йиллаб вақт ўтди.
Улар Ер юзидаги жудаям кўплаб ҳодисалар - қандай қилиб подшоларнинг келиб кетгани, одамлар жанг майдонларида кўп маротаба қон тўкканларининг шоҳиди бўлишди. Улар савдогарлар карвони ва ёлғиз йўловчиларни кузатишди. Улар кишилар неча маротаба тилларини ўзгартиргани ва алифболар ўйлаб топганини яхши эслашади.
Улар бир бирлари билан кам сўзлашишарди, кўз тикиб, ўйга толишни афзал билишарди, бироқ кунларнинг бирида ўз келажакларидан гап очишди.
-Ўз асримда кўп воқеаларни кўрдим,- деди биринчи арча,-фақат ҳокимият кучга эга, шунинг учун менинг тахтга айлангум бор, унда Ернинг энг қудратли подшоҳи ўтиражак.
-Менингча эса,-уф тортди иккинчи арча,-дунёда энг муҳими-яхшилик, шунинг учун ёмонликни эзгуликка эврилтирадиган жисм бўлмоқчиман.
-Мен эса энг асосийси-қалб ва эътиқод эканига ишонаман,-дея шивирлади учинчи арча,-шунинг учун одамлар менга боққанлари сайин ишонч ва умидга тўлиб боришларини истайман.
Ўн йиллик кетидан ўн йилликлар ўтди, шундан кейингина бир куни ўрмонда ўтинчилар пайдо бўлди. Улар арчаларни кесиб йиқитишди, уларни устахонага олиб бориб арралаб, бўлакларга бўлишди. Биринчи арча ёғочи моллар учун сомонхона қуришга ишлатилди, унинг чиқитларидан уста оддий бир чақалоқ беланчаги ясади.
Арчалар учовлон ҳафсаласи пир бўлиб, хўрсинишди:
" Афсус, одамлар ажойиб оғочимиздан арзирли фойдалана олишмади... "
Йиллар ўтди, шунда кунларнинг бирида бошпанасиз қандайдир оилавий жуфтлик биринчи арчадан қурилган сомонхонага тунагани келди. Аёл кўз ёриши арафасида эди, у ўша туни ўғил фарзанд туғди. Шу лаҳзада биринчи арча орзуси ушалганини англади: зотан у Ер куррасининг қудратли подшоҳига таянч бўлди.
Бир неча йилдан сўнг иккинчи арчадан ясалган столда 12 та ўқувчи ўтирди.Машғулотдан аввал ўқитувчи бир қанча сўзлар гапирди ва иккинчи арча тушундики, у энди шароб ва емак тўла идишдан ташқари Инсон ва Тангри ўртасидаги иттифоққа ҳам суянч эди.
Кейинги куни учинчи арча ёғочидан улкан хоч ясашди, унга чалажон кишини михлашди. Арча ўзининг бунга айбдорлигидан даҳшатга тушди: қисмати ва ўзига муҳрланган одам доғида йиғлади, бироқ уч кун ҳам ўтмай ундаги инсон- Борлиқ Ёритувчисига, хоч эса қийноқ ускунасидан эътиқод рамзига айланди.
Ливандаги учта арча тақдири шу тариқа якун топди: орзулар борасида кўпинча шундай бўлади, улар тасаввур қилганимиздан кўра ўзгачароқ ушалади.