Шундай сўзлар борки, бирданига юракдан жой эгаллайди. А.С.Экзюперининг “Муножот”и худди ана шу воқеалар сирасидандир. Уни диққат билан ўқинг. Кичкина қадамлар санъати сизнинг ҳам ҳаётингиз ажралмас бўлагига айлансин.
“Худойим,сендан мўъжиза ва саробларни эмас,ҳар куннинг мадори ҳақида ўтинаман.Менга кичқина қадамлар санъатини ўргат. Мени топқир ва зийрак эт. Токи кундалик талотўм ичида мени ҳаяжонга солган кашфиёт ва тажрибаларда тўхтай олай.
Умрим вақтини тўғри тақсимлашга ўргат. Нозик ҳис ато этгинки,биринчи даражали нимаю иккинчиси нима, фарқлай билай.
Қаноат ва меъёр кучидан ўтинаман сенга, зотан ҳаётда тўзиб қоқилмайин.Кун давомида ақлу заковат билан юксаклик ва олисларни кўришни режалаштира олай.
Орзулар кўмак бўла олмаслигини тушунишга ёрдам бер.На ўтмишга оид, на келажакка оид орзулар. Менга шу ерда ва ҳозир- ҳозиру нозир бўлишга, айни дақиқани муҳим деб санашга ёрдамлаш.
Мени ҳаётда ҳаммаси силлиқ кечади деган содда ишончдан асра.Яққол ўй-мулоҳаза туҳфа этгил, ахир чигаллик, мағлубият, йиқилишу омадсизлизликлар ҳаётимизнинг шунчаки бир табиий қисми, унга биноан биз ўсамиз ва шаклланамиз.
Мени юрак тафаккур билан баҳс этишидан ёд эт.
Менга зарур лаҳзада бор ҳақиқатни юзимга мардона айтадиган кимнидир юбор, фақат буни у севганидан айтсин.
Биламан, кўплаб масала ҳеч қандай қарорсиз ҳал бўлади, демак менга сабр қилишни ўргат.
Биласанки, қанчалар дўстлашишга интиқмиз. Мени бундай энг гўзал ва нафис тақдир инъомига арзирли қил.
Менга лиммо лим ўй хаёллар насиб эт,керакли лаҳзада, керакли вақтда, керакли жойда сукутда ё гапириб зарур меҳрни улашай.
Мени инсон эт, жуда ҳам “тубанда” бўлганларга теггина биладиган.
Ҳаётда ниманидир ўтказиб юбориш қўрқувидан сақла.
Ўзим ўзимга тилаганимни эмас, менга айнан чинакамига зарурини бер.
Кичкина қадамлар санъатига ўргат мени."
Али МУҲАРРАМОВ таржимаси.