"Мода" сўзи эсланганда Милан, Лондон ва Нью-Йорк каби жарангдор шаҳар номлари хаёлга келади. Бироқ Туркия-чи? Одатда, йўқ. Лекин ҳозир Туркияда ўрта синф етарли кўп даромад топмоқда ва қиммат брэндларга соғлом иштаҳа уйғонмоқда, келажакда ким билади яна нималар содир бўлиши мумкин? Балким келгусида учта дунё шаҳрини тилга олганда, қўшиб қўярсиз: "ва Туркия" деб.
Сўнгги ўн йилда Туркия ўрта синф қатлами сезиларли мустаҳкамлашиб олди. Мамлакат иқтисоди инқироздаги ўзгаришларга қарамасдан ўсди, бунга яраша ўртача ойлик маошлар ҳам кескин кўтарилди. Ёш туркларнинг ой охирида чўнтакларида пул қолмоқда ва улар бор дизайнерлик нарсаларини сотиб олишдан ҳайиқишмаяпти.
Туркия иқтисодининг ривожи туфайли кўплаб халқаро модалар уйи, брэнд ва дизайнерлик бутиклари мамлакатдаги йирик шаҳарларда, савдо марказлари ичида ҳамда алоҳида ҳолда дўконлар очишга муваффақ бўлишди. Урфдаги француз фирмалари Туркиядаги фаолияти сўнгги беш йил ичида 30 фоизга ўсди. Бу ўсиш нафақат хорижликларга тегишли, балки илгари ҳеч қачон учрамаган ҳол, маҳаллий дизайнерларнинг мустақил ҳолда иш юритиб, ўз мамлакатларида ҳамда хорижда шуҳрат топаётгани ҳам кузатилмоқда.
1980 йиллар бошидаги турк модаси экспорти 800 млндан 2012 йилга келиб 24 млрд долларга довурга ошди. Турк либослари экспортидан келадиган даромад мамлакат умумий экспортидан тушадиган фойданинг 15 фоизини ташкил этади, соҳанинг ўзи эса дунё миқёсида олтинчи поғонани эгаллаган.
Туркия мода индустрияси мамлакат ички ялпи маҳсулотининг 6,8 фоизини ташкил этади. Саноатдаги кийим тикишдаги бандлик ҳажми эса бошқа соҳадаги фаолиятдан кўра юқоридир.
Таҳлилчиларга кўра, 2023 йилга бориб, Туркияда мода индустрияси йилига 80 миллиард долларлик сармояни қамрайдиган бўлади. Бу қандай қилиб? Бунга халқаро кўргазмаларда иштирокда фаоллик орқали, реклама кучайтирилиб, либослар бичимида турк миллати руҳини жо этиб ва арзон баҳода савдони йўлга қўйиб эришиш кўзда тутилган.
Турк модасининг юксак ривожи ортида бадавлат кишилардан иборат ислом элитасининг кучли саъй-ҳаракати турибди, улар бозорда Европа маҳсулотидан фарқ қилиб турувчи нимадир бўлишига қизиқадилар. Жамоат жойларида рўмол ўрашга тақиқ борасида қонун бекор қилинганидан сўнг турк мода уйлари дарҳол анъанадор турк либослари иштиёқмандларига муносиб жавоб бера олишди. Турк мусулмон элитаси учун рўмол ўраш қандайдир қиёфасизлик ёки дидсизлик аломати эмас, бош кийими либоснинг бошқа хили каби инсоннинг ташқи услубини, ўзига хослигини кўрсатувчи омилдир. Турк дизайнерлари мазкур бозордаги салоҳиятни англай билишди ва улар пулларини кийинишга аямайдиган, урфга ўч мусулмон аёлларга ҳар томонлама ёқишга уринмоқдалар.