Биргаликдаги 12 йиллик турмушимиздан сўнг хотиним бир куни кечки овқат ва кинога бошқа аёлни таклиф этишим лозимлигини айтди.
Аёлим менга шундай деди: "Мен сизни севаман, аммо бошқа бир аёл ҳам сизни яхши кўришини ва бирга вақтини ўтказишни исташини биламан."
Хотиним назарда тутган аёл менинг онам эди. Ойим 19 йилдан буён бева эди. Аммо ишим ва учта болам бор куч-ғайратимни талаб қилгани боис ундан аҳён-аҳёндагина хабарлашардим.
Ўша куни онамга кечки тановул ва кинога таклиф учун қўнғироқ қилдим.
-Нима бўлди? Аҳволинг яхшими ўзи?-дарҳол сўради онам.
Менинг ойим бемаҳал телефон қилишса ёмон хабарга зудликда ўзини тайёрлайдиган аёллар тоифасидан.
-Ўйладимки, мен билан вақтингизни чоғ ўтказиб, бундан мамнун бўласиз,-дедим мен.
Ойим бир лаҳза сукут қилди, сўнгра деди: "Буни жуда истайман."
Жума куни ишдан кейин уникига ошиқдим ва бу пайтда бироз асабийлашардим. Машинам онам уйи яқинида тўхтаганида уни эшик пойгагида тик турган ҳолатда кўрдим ва унинг ҳам енгил асабий эканини фаҳмладим. У эшик олдида елкасига пальтосини ташлаб олганди. Сочлари гажаксимон жингала қилинганди, эгнида тўйининг энг сўнгги санаси нишонланган кунга сотиб олган кўйлакни кийган эди.
-Дўстларимга "ўғлим мени бугун ресторанга олиб боради", деганимда улар чуқур таассурот оғушида қолишди,-деди ойим машинага ўтираркан.
Биз ресторанга йўл олдик. У ўта ҳашаматли бўлмаса ҳам, чиройли ва шинам эди. Ойим қўлимдан тутганча гўёки биринчи хонимдек одим ташларди.
Биз стол атрофига ўтирганимда камина менюни ўқишига тўғри келди. Онамнинг кўзлари энди фақат йирик ҳарфларга ўтарди. Уни ўртасига қадар ўқиб, бошимни кўтарганимда, онам менга тикилиб, соғинчли табассум билан қараб ўтирганини кўрдим.
-Илгари кичкиналигингда менюни сенга мен ўқирдим,-деди у.
-Демак хизматга хизмат билан жавоб қайтариш мавриди келибди,-дедим.
Кечки таом вақти ўртамизда илиқ суҳбат кечди. Айтарли муҳим гап ҳам йўқ эди. Шунчаки охирги пайтларда ҳаётимизда рўй берган воқеалар билан бўлишдик. Шу қадар бунга шўнғиб кетдикки, кинога кеч қолдик.
Онамни уйига олиб келганимда, у деди: "Сен билан ресторанга яна бораман. Аммо бу сафар мен таклиф этаман."
Мен рози бўлдим.
-Оқшомингиз қандай ўтди?-дея сўради хотиним уйга қайтганимда.
-Жудаям яхши. Тасаввур қилганимдан ҳам кўра яхши,-жавоб бердим мен.
Бир неча кунлардан сўнг ойим юрак хуружидан вафот этди...
Бу шу даражада кутилмаганда тез содир бўлдики, унинг учун нимадир қилишга менда имкон қолмаганди.
Орадан яна бир неча кун ўтгач эса ўша онам билан бирга овқатланган ресторандан квитанция солинган хатжилдни олдим. Квитанцияга ёзувли қоғоз ҳам илова этилганди:
"Иккинчи кечки овқат учун пулни олдиндан тўладим. Тўғри, сен билан яна ўтириб овқатланишга ишончим комил эмас. Бироқ шундай эса-да, икки кишига пул тўладим. Сенга ва хотинингга. Сен таклиф қилган ўша кунги оқшом мен учун қанчалар қимматли бўлганини сенга қачондир тушунтиришга менда имкон туғилишига кўзим етмайди. Ўғлим, мен сени яхши кўраман."
...Ота-оналарингизни асранг! Улар чин дилдан ютуқларингиздан суюниб, омадсизликларингизга қайғурадиган ягона кишилардир. Иложи борича, улар билан бирга бўлинг, чунки улар оламдан ўтадиган кун мутлақо тўсатдан келиши мумкин.
Рекки Индис