Free HTML5 by FreeHTMl5.co May 05, 2021

Ширинлик.

Пашкага посилка келди. Икки йил ичида атиги бир марта. Бу хизмат энг якунланадиган пайтда рўй берди. Пашканинг ота-онаси ўрнида бўлган холаси қандайдир мўъжиза билан бир илож қилиб нафақасидан ягона бир посилка тўплай олганди.
Унинг хурсандлигини тасвирлашга тил ожизлик қиларди. Пашка бахтиёр эди. Ахийри у ҳам ҳамма қатори сафдошларини меҳмон қила олади. Тўғрироғи, унинг ҳолатида ўз хизматдошларига миннатдорчилик изҳор этишга имкон туғилди.
Қолган аскарлар уйдан баъзи-баъзида посилка олиб туришарди. Егуликларни ўшанда кенг мамлакатнинг турли бурчакларидан йўллашарди. Пахлава, шпрот, бастурма, қаҳва, печенье, вафли ва албатта, конфет, шоколадлар. Бахти кулганлар панор қутиси ичидаги нарсаларни қолганларга илинишар, бундан мағрур эдилар.
Пашкани умумий дастурхон атрофида хурсандчилик билан бўлишишга чақиришганда у узоқ тортинар, келса ҳам энг охирида яқинлашарди. Уялинқириб нимадандир тотинган бўлар, етим қариндошдек ёлғиз тутарди ўзини. Пашка аслида ҳам етим эди. Ҳамма вазиятни тушунарди ва алоҳида бағрикенглик кўрсатиб, унга кўпроқ печенье, конфет ёки бошқа нарсани тутишарди.
Посилкани тушдан кейин беришарди. Ошхонада чой учун сув қайнатишга қўйишди. Юзи ёришган Пашка борини стол устига тўкиб сочди. Маҳсулотлар у қадар қиммат ва тақчил эмасди, лекин ҳеч ким буни пайқашга уринмас, ҳаммасини еб, тамшанишиб, Пашканинг холаси шаънига таҳсинлар ўқишарди.
Посилкадаги нарсаларнинг ҳам таги кўрина бошлади, фақат бир дона арзон кичкина ғиштин шоколад қолди, уни энг охирига олиб қўйишганди. У қути ичидаги энг қимматбаҳоси эди.
-Ҳозир!-Пашка шундай деб чопиб, ошхонадан тезда пичоқ кўтариб келди. Эҳтиётланиб, хато қилишдан қўрқиб, сал қийшиқроқ бўлса ҳам, шоколад устида мўлжал чизиқларини чизиқлаб чиқди. Бир дақиқадан сўнг малларанг шоколад бетида етти дона ҳошияли қисмлар пайдо бўлди, меҳмонга йиғилганлар сони шунча эди.
Пичоқ тиғи ширинликка теккан заҳоти кимнингдир қўли уни тўхтатди. Ҳамма ҳайратланиб, ўгирилиб Ингушетиялик хизматдошлари Погоровга тикилишди.
-Менга тегишлисини ўзингда қолдир.
Бироз жимлик ҳавода муаллақ осилиб қолди, аммо лаҳза ўтиб, бирин кетин бошқа овозлар ҳам эшитилди.
- Меникини ҳам! Меникини ҳам ўзингга ол.
Пашка қўлида пичоқ билан ўзини йўқотиб қўйганди. Ҳошияланган шоколад теккинилмасдан стол устида бутун турарди. Кутилмаганда Пашка қўлларини кўтариб, тирсагини столга тираб, кўзини яширди. Унинг дўстлари ёноғида ялтираган ёшни кўришга улгуришди. Ҳиқиллаган овоз эшитилди. Бу ердагилар ўзларини ноқулай ҳис этишиб, иноқ тарзда зудликда бирга тарқалишди.
Хайрлашиш учун Погоров Пашканинг елкасига қоқди ва ҳамма учун миннатдорчилик билдирди:
-Меҳмондорчилик учун раҳмат! Жудаям ширин бўлди.
Дақиқа ўтгач, ошхонада фақат битта инсон қолди. Унинг бўм-бўш залида аскарнинг болаларча бўлмаган ҳўнграган йиғиси яққол эшитиларди.

Рустам Шарофисломов.

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari