Free HTML5 by FreeHTMl5.co Apr 05, 2022

Нон ҳиди

Бу умримдаги энг оғир йиллардан бири эди. 1993 йил эди. 1992 йилнинг январь ойида онам вафот этди. 1993 йилнинг мартида эса энг яқин дўстим ҳалок бўлди. Унга жуда ишониб, ўзимдан ҳам кўпроқ суянардим. Дўстларим қўлларидан келганча кўмак қўлини узатишарди, бироқ гап шунда эдики, уларнинг аҳволи ҳам меникидан тузук эмасди.
Тафсилотларга тўхталиб ўтирмайман, шундай гапнинг нақдини айтиб қўя қоламан- " очлик " нималигини шунчаки ён веридан эшитмаганман. Кунларнинг бирида очлик ўзимнинг силламни қуритди. Уйда қуруқ чой ҳам йўқ эди. Нимадир сотиб олишга пул ҳам тугаганди.
Ҳар жойидан шамол кирадиган юпун пальтойимни кийиб, кўчага отландим. Подьезднинг олдида қаёққа боришга қарор қилолмай узоқ каловландим, лекин сўнг барибир бир тўхтамга келдим. Мен нон заводига йўл олдим. У уйимдан унча узоқ эмасди. Об-ҳаво ёмон эди-кучли изғирин. Ва майда ёмғир шивалаб ёғаётганди.
Нон заводигача етиб, йўлакдаги эшикни тақиллатдим. Тақиллатишимга хонаси дарчасидан қоровул қария қаради ва сўради:
-Сенга нима керак?
Унга тўғрисини айтдим:
-Нон... озгина бўлсаям, мумкин бўлса агар.
Қария жимгина эшикни очди ва мени қўйворди. Қўли билан цех деразалари ғира-шира ёритиб турган қоронғуликни кўрсатди ва деди:
-Ўша ёққа бор, ўғлим, сенга нон кераклигини айт.
Мен кетдим.
Қанчалар илгарилар эканман димоғимга нон ҳиди уриларди, янги пишган иссиқ ноннинг ҳиди...
Сиз нон иси икки кундан буён туз тотмаган одам учун нима эканини тушунасизми?
Яқинлашдим. Цех эски эди, қалин ойнали деразалари ёруғлик таратарди, айримлари синганди, ичкарига қарадим, мендан ярим метр масофа нарида конвейердан буханкалар яшнаб чиқаётганди...
Мен ойнадан йироқлашиб, калта зинапоялардан цех эшиги томон кўтарилдим. Тақиллатиб, уни очдим. Юзимга иссиқ тафт келиб урилди. Цех сершовқин, иссиқ ва ёруғ эди. Оқ халат ва қалпоқларда аёллар ишлашарди, кимдир хамир қорийдиган машиналарга маҳсулот жойласа, кимдир тайёр нонни тахлаб оларди, кимдир эса уннинг ичига нимадир аралаштирарди... Менга яқинроқ бўлган кекса ёшдаги аёл мени кўриб сўради:
-Сенга нима керак, ўғлим?
Бу лаҳзада жўрттага терлагандек кўзойнагим юзини алам билан артишга уринаётнандим. Совқотган бармоқларим менга бўйсунмасди. Ахийри артиб кўзойнакни қаншаримга тақиб сўрадим:
-Иложи бўлса, нон беринг. Илтимос.
Аёл хитоб қилиб юборди:
-Нега у ерда турибсан? Ичкарига кирсанг-чи!
Мен кирдим, чунки пальтоим совуқдан ҳеч ҳам асрамаётганди. Бир неча аёл менга бир эмас, учта буханкани бамайлихотир тутқазгани ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Чўғдан эндигина олинган, ўта тафтли нонларни.Мен ўзимни ушлаб туролмадим, бир бурчини синдириб, уни чайнай кетдим. Нонни ковшарканман, миннатдорлик билдирардим.
-Раҳмат сизга, раҳмат.
Сезиб қолмаслигим учун кекса аёл кўз ёшларини артишга тескари бурилди. Бироқ мен барибир кўрдим. Кейин у менга қаради ва деди:
-Ўғлим, сен яна кел. Нон керак бўлганда-кел.
Миннатдорлик сўзларни айтмоқчи бўлганимда, томоғимда иссиқ нон мағзи тиқилди. Уларга таъзим қилдим ва кетдим.
Қоровул чол мени кўчага кузатди:
-Ўғлим, агар нимадир рўй берса, яна сени киритаман, келавер.
Ва мен кўксимда икки ярим буханка нонни қучоқлаб уйга қайтдим. Уйгача иккитасини келтирдим.
Мен бошқа нон заводига бормадим. Ўша пайтдан кейин ишларим дарҳол юришиб кетгани туфайли эмас, чунки бу ажойиб кишиларнинг яхшилигини суистеъмол қилиб бўлмасди, уларни ишдан ҳайдаб юборишлари мумкин эди, айтиб бўлмайди барибир...
Ҳозирда нон заводини бузиб ташлашиб, ўрнига "хослар уйлари" ни бунёд этишган, аммо ҳар сафар бу кўчадан ўтарканман, мени ўша совуқ ноябрь оқшомида очликдан қутқарган оқкўнгил қоровул чолни, ажойиб ва меҳрибон аёлларни хотирлайман.
Ва уларнинг исмини билиб олмаганим учун ўзимни изза қиламан.
Ҳа, билолмадим...
Лекин уларнинг барини эслайман. Ва ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман.

С. Шишковский




-

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari