Бир савдогар Франкфуртга бозорга йўл олди. Йўлда кўчалардан бирида- ичида 800 гульден бўлган ҳамёнини йўқотиб қўйди. Ўша давр учун айтарли қиммат пул. У пайтлар бир отнинг баҳоси 40 гульден эди.
Шунинг учун 20 та от сотиб олишга етадиган пулдан ажралиш, тушунган бўлсангиз, катта йўқотиш эди.
Кўчадан шу ерлик дурадгор ўтаётиб оғир ҳамённи топиб олди. Уни уйига келтирди. Ҳеч кимга ҳеч нима демади, йўқотилган ҳамённинг эгаси келишини кутиб уни яширди- ахир қайтариб бериши керак. Агар ўзи кўнмаса- бу бошқа гап. Бироқ ҳар қандай ҳолатда кутиш лозим...
Якшанба куни руҳоний черковда 800 гульден йўқотилгани, кимки топиб қайтарса, 100 гульден суюнчи пули билан тақдирланишини эълон қилди. Ҳалол дурадгор пулни пасторга келтирди. У эса савдогар келишини сўради. У келди. Ҳамёнини олди. Пулни санаб, дурадгорга ваъда қилинган 100 гульденни эмас, бор йўғи 5 гульденни берди, изидан аччиқ-тиззиқ гапни ҳам айтди: "100 гульденни ўзинг берухсат олгансан, ҳамён ичида 900 гульден бор эди."
Шундай маккорона усул билан зиқна савдогар алдаб, пулни тежаб қолмоқчи бўлди. Дурадгор эса уни ўғирликда айблашаётганидан ҳайратга тушди ва деди: "Мен юз гульден нари турсин, бир гульден ҳам олганим йўқ. Мен Худодан қўрқаман."
Руҳоний дурадгор ростдан ҳам ростгўй ва Тангри амалларини бажарадиган чуқур эътиқодли киши эканини тасдиқлаб, юз гульденни у олиши мумкинмаслигини айтди. Бироқ хасис савдогар ўз сўзида туриб олди.
Улар узоқ тортишишди, шунда руҳоний дурадгор ва савдогарни Франкфурт шаҳар судига олиб борди. Иш бир неча кун кўриб чиқилди ва Франкфурт аҳолиси орасида тарқаган мишмишларга мавзу бўлди. Шунинг учун суд мажлиси ва ҳукм ўқилаёғган кун бино оломонга лиқ тўлди. Ҳаммани пул можароси қандай интиҳо топиши қизиқтирарди.
Судья биринчи бўлиб савдогардан сўради: "Сен айнан 900 гульден йўқотганинг ҳақида онт ича оласанми?"
Савдогар киприк ҳам қоқмасдан, қўлини Инжилга қўйиб қасам ичди. Ўша даврда Инжилга қасамёд ўта жиддий юмуш саналган. Кейин судья дурадгорга юзланди: "Сен ҳам 800 гульден топганинг ҳақида онт ичасанми?"
Ҳалол уста қўлини Инжилга қўйди ва қасам ичди.
Шундан сўнг судья ўз қарорини эълон қилди:
"Барчаси аён. Дурадгор томонидан топиб олинган ҳамён савдогарга тегишли эмас, чунки у 900 гульден йўқотган. Шунинг учун 800 гульден ва ҳамён дурадгорга берилади ва у пулларни ўз эҳтиёжига қараб ишлатиши мумкин. Савдогар эса ичида 900 гульдени бор ҳамёнини ахтаришда давом этиши керак."
Шу тарзда савдогар пули ва устига устак обрўсидан ҳам айрилди. Судьянинг ҳукми доно ва адолатли эди, ғирромлик ва ёмонлик ўзини ўзи жазолаганди.
Ривоят 1506 йили чиқарилган адиб ва диний воиз Йоханнес Паулининг " Shertz und Ernst ("Ярми ҳазил, ярми чин") китобидан олинган.