-Хайрли тонг,-- деди аёл ерда юмалаб ётган эркак яқинига келиб. У шоша-пиша олазарак кўзларини аёлга қадади. Кўринишидан аёл яхши пул топиши дарҳол билинарди-- қимматбаҳо пальто ва парвариш қилинган қўллариёқ буни айтиб турарди. Эркак боши тепасида унинг ёнидан ҳар кун ўтадиган бошқалар қатори устимдан куляпти деб ўйлади.
--Мени тинч қўйинг, -деди у жаҳл билан, бироқ унинг ажабланишига кўра аёл жойидан қимир этмади. Аёл оппоқ бир текис тишларини кўрсатиб жилмайди.
-Қорнингиз очми?-сўради у.
-Йўқ,-жавоб берди эркак жилмайиб,-ҳозиргина президент билан овқатландим. Йўлингиздан қолманг, кетинг!
Аёлнинг табассуми янада кенгроқ ёйилди. Бирдан эркак унинг қўлларини ўз қўлида ҳис этди.
-Нималар қиляпсиз, хоним. Ахир мени тинч қўйинг дедим-ку.
Атрофда навбатчилик қилаётган полициячи бақир-чақирни эшитиб, етиб келди.
- Қандайдир муаммо борми, мэм?-
-Йўқ, нималар деяпсиз, зобит,--жавоб берди у.-Мен шунчаки бу одамни оёққа турғазишга уриняпман. Менга қарашиб юборолмайсизми?
Зобит безовталанганча чаккасини қичитди.
-Бу ахир қария Жек. У бу кўчада бир неча йилдан буён яшайди. Ундан нима истаяпсиз ўзи?
-Анави қаҳвахонани кўряпсизми?-сўради аёл-Бу эркакни ўша ёққа олиб бориб, қорнини тўйғазмоқчиман.
- Ақлдан оздингизми, хоним?-жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатарди уйсиз.- У ёққа боришни ҳоҳламайман
Тўсатдан у зобитнинг кучли қўллари унинг бошқа томонидан ушлаб, ердан даст кўтарганини ҳис этди.
- Мени қўйворинг,жаноб. Мен ҳеч нима қилмадим.
- У ёрдам бермоқчи, Жек, -жавоб берди зобит.-у билан тортишма.
Ниҳоят аёл ва полиция зобити эркакни суяб, қийналмасдан қаҳвахонага элтишди ва бурчакдаги столга ўтирғизишди. Эрталабки вақт охирлаган, нонушта пайти тугаганди, тушгача ҳали вақт бор эди, шунга одам сийрак эди. Иш юритувчи уларнинг столига яқинлашди.
-Бу ерда нималар бўляпти ўзи, зобит.Бу нимаси, бу одамга бирор кори ҳол бўлганми?
-Бу хоним уни тамадди қилдириш учун бу ерга олиб келди,-жавоб берди полициячи.
-Фақат бу жойдамас,-титраганча жавоб қилди иш юритувчи,- бундай одамларнинг ташрифи бизнесга зарар келтиради.
Қария Жек тишсиз оғзи билан жилмайди.
-Кўрдингизми, хоним, сизга айтгандим. Энди, илтимос, менга рухсат.
Аёл қаҳвахона ходимига ўгирилди.
-Сэр, кўчанинг бошидаги "Эдди ва Ко" банк фирмасини биласизми?
-Албатта,-жавоб берди у,-улар ҳафталик йиғилишини банкет залларимиздан бирида ўтказиб туришади.
-О, унда бундан каттагина ақчани қўлга киритсангиз керак.
-Бу билан сизнинг нима ишингиз бор.
- Кечирасиз, сэр, мен Пенелопа Эддиман, шу компания президенти ва бош ижрочи диреетори.
-Вой,- тили зўрға буралиб, дамига ичига тушиб кетди иш юритувчининг.
Аёл яна кулимсиради:
-Англашимча, энди бу вазиятни ўзгартиради, тўғрими?-аёл ўзини кулгудан зўрға тўхтатиб турган полициячига тикилди.-Биз билан бир финжон қаҳва ичиб, овқатланмайсизми, зобит?
-Йўқ, раҳмат,-деди у,-хизматдаман.
-Унда қаҳвани ўзингиз билан ола кетинг.
-Ҳа, мэм, бу сиз тарафингиздан олижаноб илтифот бўларди.
Иш юритувчи ўзига келди ва тезда оғиз жуфтлади.
-Қаҳвангиз ҳозир тайёр бўлади.
Зобит аёлга юзланди.
-Уни зўр қилиб жойига жойладингиз.
-Бундай мақсадни ўз олдимга қўймагандим. Ишонасизми ёки йўқми, мендаги сабаблар мутлақо бошқа.
Аёл ўрнидан туриб, довдираб қолган девонанинг қаршисига ўтириб олди ва унинг кўзларига яхшилаб тикилди.
-Жек, сиз мени эслаяпсизми?
Қария Жек бир неча дақиқа аёлни нигоҳлари билан ўрганди.
-Қандайдир таниш туюляпсиз.
-Ҳозир каттароқ кўринаман. Ёшликда сиз бу ерда ишлаган даврдан кўра тўлишганман. Бир куни оч-наҳор, совқотиб, юпун кийимда айнан шу қаҳвахонага кирдим.
-Сизми, мэм?-ёнида ўтирган зобит изоҳдан ўзини тутиб тура олмади, шундай кўркам аёл қачондир бошқача бўлганига ҳеч ишонмасди.
-Ўшанда коллежни эндигина тамомлагандим,-ҳикоясида давом этди аёл.-шаҳарга иш ахтариб келдим, лекин ҳеч топа олмадим. Охир оқибат пулларим тугаб, ижара уйдан мени қувиб ҳайдаб солишди. Февраль ойи, ҳаво жудаям аёзли эди, борадиган жойим йўқ, исиниш учун шу қаҳвахонага киргандим.
Жекнинг юзида узун табассум пайдо бўлди.
-Энди эсимга тушди,-бақириб юборди у,-мен пештахта ортида эдим, сиз яқинлашиб, егулик эвазига иш сўрадингиз, мен бу муассаса тартиб қоидасига зид дедим.
-Айнан шундай,-жавоб берди аёл, -кейин сиз менга менюдаги каттакон сэндвични тайёрлаб бердингиз, иссиқ қаҳва билан меҳмон қилдингиз ва пул олмадингиз. Бошлиқларингиз билан мен туфайли муаммо бўладими деб хавотирга тушдим. Кейин кўрдимки, сиз кассага тушлигимнинг пулини солиб қўйдингиз.
-Хуллас, ўз бизнесингизни бошладингизми?-сабри чидамай шошиб сўради Жек.
-Келгуси кун ишга жойлашдим. Муваффақиятли ҳаётга ўзим уриниб-суриниб йўл топдим. Охир-оқибат хусусий бизнесимни бошладим, Парвардигорнинг кўмагида у ўсиб гуллади.
Аёл сумкачасини очиб, ундан ташриф қоғози чиқарди.
-Бу жойдан турганимиздан сўнг сиз мистер Лайонс ҳузурига боришингизни истайман. У ходимлар бўйича бизда бошлиқ. У билан гаплашаман. Сизга офисда тўғри келадиган иш топиб беришига ишонаман.-дея у жилмайди.
-Раҳмат сизга,-девонанинг юзидан кўз ёшлари сизди,-сизни қандай миннатдор қилсам экан?
-Мендан миннатдорлик шарт эмас,Тангри сиз орқали менга ёрдам берди, энди эса у мен орқали сизга ёрдам беряпти!
Қаҳвахонадан чиқишгач, аёл ва зобит йўллари айро тушгунга қадар эшик олдида бир дақиқа туриб қолишди.
-Кўмагингиз учун ташаккур сизга, зобит.
-Аксинча, мэм,-деди у,-сиз туфайли бугун мўъжизанинг гувоҳи бўлдим, мен буни ҳеч қачон унутмайман. Ва қаҳва учун ҳам раҳмат!
О. Кушнирчук