Шундоққина метродан чиқаверишда, "М" ҳарфининг ёнида аёл кучук болаларини сотаётганди. Картон қоғозда зоти ва нархи ёзилганди. Ва яна "яхши қўллар излаймиз" деб ҳам.
Илгари Авито бўлмаганда шундай савдо қилишарди.
Мен метро ичига шошардим, кўз қирим билан қутининг ичида тимирскиланаётган учта ёқимтой шалпангқулоқ тумшуқчаларга қараб ўтдим.
Тўрт соат ўтгач, уйга қайтаётиб, ўша метродан чиқаётганимда яна ўша аёлни кўрдим, бироқ бу гал бир дона кучуквачча билан. Афтидан қолганини сотишга улгурганди.
Мен кучук олиш иштиёқида бўлмасам-да, кўриш учун, аёл ёнига яқинлашдим. Аёлнинг олдида 12 ёшлар чамасидаги бир бола турарди, қўлларидаги қоғоз пуллар ғижимланиб кетганди. Унинг ёнида эса камзул кийган, қўлига қимматбаҳо соат таққан, қоракўзойнакли киши ҳам бор эди. У шошарди.
-Мен ундан кўра кўпроқ бераман,-деди аёлга ва болага қараб бош ирғади,-икки марта кўп. Боламга олишим керак. Совға ҳақида унутибман...
Иккаласи ҳам кучукка даъвогар эканини тушундим, агар бу тендер бўлса, унда кучук боласи сўзсиз эркакка насиб этиши аниқ.
Болакай киссасини ковлади, ундан нима бўлса борини сидириб чиқарди, унда майда чақалар кўп эди.
-Мен тангадонни синдирдим. Менда бори шу. Дадам билан ойим рухсат беришди, фақат пул беролмасликларини айтишди, уларда йўқ экан.Дўстларимдан ҳам қарз олдим. Мана қаранг, бори шу...
Сотувчи аёл кўзойнакли эркакка қаради ва деди:
-Минг бора узр, лекин бу болага бераман. Менга яхши қўл муҳим. Мен кучукчани бола жуда яхши кўриб қолишини кўриб турибман. Ҳозирдан унинг учун бор будини беришга тайёр.
Ва кучук боласини мутлақо бахтиёр болакайга тутди. У эса жониворни бирор жойини оғритишдан қўрқиб, авайлаб, қўлига олди, кучуквачча эса қўрқувданми ёки ҳаяжонданми титрарди. Ахир бахт ҳам- ҳаяжон.
-Вой, пул, пул қолиб кетибти,-дея бола каловланди, бир қўли билан кучукни қучоқлаганча, наригиси билан чўнтагини ковлашга тушди.
-Пул керакмас, яхшиси бунга кучугинг учун керакли нарсалар ол, яхши емак, занжир...
-Вой,бу қанақаси? Ростданми? Олмайсизми,- деди бола йиғлаб юборгудек -У курткасининг пинжига иситиш учун кучук боласини маҳкамроқ солди ва шунда улар бир бирига бироз ўхшаб кетадигандек ҳам туюлди.
-Олмайман. Бир бирингизни асранг,- дея аёл табассум қилди ва хайр учун улар ортидан қўл силкиди.
-Вой, боладан пул олмаганингиз жудаям ажойиб иш бўлди,-дедим мен бу ҳолатни кузатиб.
-Мен ҳеч кимдан пул олмадим,-жавоб берди аёл,- Мен атайлабдан нарх ёзаман, чунки бу одам ростдан ҳам жонивор учун пул сарфлай оладими, унда маблағ борми ўзи? Мен бу шаҳарни бутунлай тарк этиб, учиб кетяпман, ва севимли итимнинг болалари ортиқча оғизни боқишга тайёр эмасликларини кеч тушунадиган виждонсиз эгалари туфайли кўчада қолишини истамайман. Кучук болаларини эса... сени ҳеч ҳам сотмайдиганларга улашдим.
Ольга Савельева