Она бургут ўзининг бургутчалари учун ота қушни қандай танлаши ҳақида биласизми?
У қизиқарли бир юмушни амалга оширади. Дарахт ёки бутадан бутоқ юлиб, уни тумшуғида тишлаб, жудаям баландликка кўтарилади ва шохча билан кўкда чарх уриб айланади. Атрофида нар бургутлар уча бошлайди, шунда у шохни пастга улоқтириб, ўзи тикилиб туради. Ва шунда қайсидир бургут шохчани ерга тушишига йўл қўймай, ҳавода илиб олади, кейин эса эҳтиётлик билан мода ёнига учиб, тумшуқдан тумшуққа уни илдиради. Мода бургут бутоқчани олиб, яна пастга ташлайди, нар қуш уни ушлаб, яна қайтариб келади, мода қуш уни яна улоқтиради. Бу ҳолат жуда кўп марта такрор ва такрор юз беради. Маълум вақт оралиғида шохчани бургут қайта-қайта илиб келтирган тақдирда мода қуш уни танлайди ва у билан қовушади.
Нега бундай қилишини кейинроқ тушуниб етасиз.
Сўнгра эса улар юксак қояга кўтарилишиб, қаттиқ хивчинлардан ин тўқишади, ота ва она қуш ўз танасини тумшуғи билан чўқиб, пар ва патларни юлиб, инга тўшашади, ҳар бир ёриқни беркитиб, уни юмшоқ ва иссиқ қилишади. Бундай момиқ ва илиқ уяда она бургут тухум қўяди, кейин эса биргаликда тухумни босиб ётишади. Бургутчалар тухумни ёргач (полапонлар ёруғ дунёга келганларида жажжи, яланғоч, нимжон бўладилар), улар тўлишгунга қадар, ота-онаси танаси билан ёпиб туради. Қанотлари билан ёмғирдан, жазирама қуёшдан асрашади, уларга сув, емак келтиришади. Қушчалар униб, улғайиб боришади, Уларда ҳам пат чиқиб, қанот ва думчалари қалинлашади.
Мана энди улар кучга тўлишди, кичик бўлишса ҳам. Ўшанда ота-онаси вақт етиб келганини кўришади.
Ота қуш ин четига қўниб, унга тегиниб, қанотларини кучли қоқади: уриб, суриб, иннинг тит-питини чиқариб. Нега? Ҳамма пар ва патларни индан тўкиб ташлаш , уяни энг аввал бошдаги хивчинли шаклида қолдириш учун шундай йўл тутишади. Полапонлар эса силкитилган бу инда ноқулай, ҳимоясиз ўтиришади, улар нима бўлаётганини тушунишмайди, ахир жондан азиз ота-оналари уларга илгари меҳрибон ва ғамхўр эди. Она қуш ушбу маҳал қайгадир учиб, балиқ овлаб келади, болалари пайқаши учун индан беш эн нари боради.
Кейин эса полапонлар кўз ўнгида балиқни секин чуқулаб, ея бошлайди. Қушчалар инда ўтириб жонҳолатда вижирлашади, хириллашади, нима бўлаётганини англашмайди, ахир аввал ҳаммаси тамомила бошқача эди. Онаси отаси билан уларни едириб, ичирган, энди эса бари йўқолган, ин дағаллашган. Пату парқу ҳам йўқ. Устига устак балиқни уларга улашмай, ўзлари паққос туширишмоқда.
Нима қилмоқ керак? Қорин таталаган, индан бир нави амаллаб чиқиб олиш керак. Шунда полапонлар олдин қилмаган ҳаракатларни қила бошлашади. Агар ота-онаси энагаликни тўхтатишмаганда, бундан кейин ҳам жойларида қимирламай ўтиришарди. Қушчалар индан сирғалиб тушишади.
Мана бургутча, бесўнақай, уқувсиз, ҳеч нимага фаҳмсиз. Ин қоя учида, ҳеч қандай йиртқич оёғи етмайлиган жойда эди. Қоя тизмасидан полапон қорни билан сурилиб кетди ва жарликка қулади ва шунда ота (қачонлардир шохчани ҳавода илган) ўқдек учиб, йиқилиб нобуд бўлмаслиги учун уни елкасида илиб олади. Кейин эса орқасида опичлагандек, тағин инига келтиради, ва ҳаммаси бошқатдан бошланади. Бу қушчалар ҳар гал йиқилаверади, ота эса ушлайверади. Ота уларга бургутдек елкасини тутиб. қутқаради, бирор бургутча йиқилиб ўлмайди.
Шундай қулашлардан бирида ахийри бургутча илгари унда учрамаган ҳаракатни ззоҳир этади: у ҳаво оқимига ҳали чала ярим қанотларини тўғрилайди, шу тарзда уча бошлайди. Бургутлар учишга шундай ўргатишади. Қушча мустақил учиши биланоқ, ота-онаси етаклаб, балиқ бор жойга элтишади. Энди бошқа унга тумшуқларида емак келтиришмайди.
Ўз фарзандларимизни жисмонан ва маънан тарбиялашга бу яхши мисол. Уларни иссиққина гўшада ушлаб турмаслик муҳим. Бироқ алоҳида эътибор билан уларни парвозга ўргатмоғимиз даркор, жами қувватимиз, вақтимиз, заковатимиз бунга сарф бўлмоғи лозим. Бекорга мода қуш ўз жуфтини шохча улоқтириб сараламайди. Текширмасдан нўноқ отани танлаб кўр-чи, болаларинг саноғини тугал санай олмайсан. Бургутларда эса полапонлар жуда оз, битта ёки иккитадир...
О. Вишняков