Ақлан тўнкалик афтидан қондан ўтадиган нарса.
Бу вақт ўтгандан кейин билинди. Қизим вояга етгач, хотиним уни махсус мактабда ўқитиш мақсадида тестга олиб борди.
Қизчамнинг ёши олтида, қобилиятни текшираётган ўқитувчи аёлнинг ёши ўттизларда эди. Мана у (ақлий даражани текшириш доирасида) шундай савол берди:
-Бўри итдан қандай фарқланади?
Қизчам саволнинг жўнлигидан кулиб юборди-(ахир у нақ олти. ёшга кирганди)-ва кулиб бўлгач деди:
-Итни инсоннинг дўсти дейиш мумкин, лекин бўрини бундай атаб бўлмайди.
Ва яна кула кетди.
-Тушунарли, -деди ўқитувчи ва қайд дафтарида минус чизиқча тортди. Синчков хотиним буни кўриб, нега айнан минус қўйгани билан қизиқди.
Синовчи аёл жавоб берди:
-Чунки жавоб нотўғри.
Хотиним тўғри жавобга қизиқсинди ва бу унга таништирилди. Жавоб ўқитувчи ёнидаги карточкада ёзиб қўйилганди: "Ит уй ҳайвони, бўри эса ёввойи."
-Сизга қизим айнан шуни айтгандек туюлмаяптими?
Синовчи деди: туюлмаяпти.
Хотиним онги ўсишдан тўхтаган қизимнинг қўлидан ушлаганча бу иқтидорлилар марказидан нари кетиб, уйга равона бўлди.
Орадан бир йил ўтгач бизга қўшни мазкур вундеркиндлар маконига дўстларимиз ўғлини етаклаб келишди. Махсус билимга эга хола олти ёшли Андрюшадан автобус троллейбусдан қандай фарқланиши ҳақида сўради.
Андрюша холадан ҳеч нимани яшириб ўтирмади ва рўй-рост деди: автобус ички ёниш двигатели, троллейбус ўзгарувчан ток таъсирида ҳаракатланади.
Маълум бўлишича аслида ҳеч ҳам бунақа эмас.
Троллейбуснинг шохи бор, автобусники эса йўқ. Хуллас, холанинг бошини қотирманг!
Виктор Шендерович