Free HTML5 by FreeHTMl5.co Oct 28, 2021

"Табиб" фильмидаги "юлдуз" воқеаси

Анна Димна: "Табиб" фильмидаги ўша соҳибжамол Марися...
Руҳи жўшқин, режаларга тўлиб тошган актриса тасвирга тушиш учун автомобилда Венгрияга келаётганди. Эри вафотига уч ой бўлган, буёғига оёққа туриб олиш лозим эди. Тўсатдан машина бошқарувни йўқотди. У кўзини шифохонада очди.Унинг қўли ва оёқлари жиддий шикастланган, бели синганди ва шифокорлар унинг юриб кетишидан шубҳа қилишаётганди. 27 ёшли актриса узоқ вақт фалажланиб ётди. Унга ҳаммаси тугаган ва энди ўзи бошқа қадам босолмайдигандек туюларди. Одамлар қутқаришди-яқинлари ва бутунлай нотаниш кишилар. Узоқ вақтлик даволаш натижасини берди. Анна оёққа туриб, янгитдан юришни ўрганди, яна суратга туша бошлади. Кейинроқ "Табиб"да ўйнай туриб, ўз қаҳрамони кечинмаларини яхши тушунарди: ахир унинг ўзи худди шу йўлни босиб ўтган. Фалокат унга бахт учун янги имкон ҳадя этди: даволаш жараёнини ёш физиотерапевт Збигнев Шот бошчилигида ўтказган, у ҳар доим Аннанинг ёнида бўлиб, унинг азобда сиқилмаслиги учун куюнарди. Орадан бир йил ўтгач, улар турмуш қуришди. Шу ҳолатда ёш шифокор нафақат унинг танасини, қалбини ҳам даволади. Уларнинг никоҳи узоқ муддат давом этмаган эса-да, Анна Збигневдан барчаси-ёрдами, муҳаббати, ўғли Михаль учун миннатдор. Фарзанди туғилгач, Анна бамисоли яшнаб кетди. Михаль бироз катта бўлгач Анна яна ижодга шўнғиди.
Энди у нима исташини биларди: одамларга кўмак беришни. Аннанинг хаёлида азоб чекиб, ҳаётга қайтгани- реабилитация марказида кўрган бир лавҳа муҳрланиб қолганди. Кунларнинг бирида у иккита қизнинг бир-бирига сув сачратиб, хандон кулишаётганининг гувоҳи бўлди. "Вой, аҳмоқ қизлар, нимадан улар хурсанд бўлишмаса"--таажжубланиб ўйланди Анна. Дақиқа ўтгач нигоҳи тушгани шу эди: қизларнинг бирида бир оёғи, иккинчисида иккаласи ҳам йўқ эди... Унинг баданини буткул тер қоплади, чидаш мушкул даражада уялиб кетди. Ўшандан буён Анна ҳаётдан нолишга ўзига йўл қўймади: унга кўп нарса берилгани, қолганларга юз чандон қийинлигини англаб етди. Ва Анна онасининг касалхонада қандай оламдан кўз юмганини эслайди, ўшанда у онаси қошида кўп вақтини ўтказишга уринганди: ғамхўрлик қилган, суҳбатлашган, китоб ўқиб берганди. Айнан онаси унга кўнгилчанлик ва меҳрдан илк сабоқларни ўтган. Аёл қизига шундай дерди:" Ҳеч қачон кўчада ётган кишининг ёнидан бефарқ ўтма, балким у ўлаётгандир. " Бир куни Анна йиқилган йигит ёнига яқинлашиб, унга эгилганида, йигит баногоҳ икки қўли билан қизнинг бўйнидан жонҳолатда чангаллаб, бўға кетди: у жудаям маст эди. Ҳатто ўша ҳодиса ҳам бошқаларга кўмаклашиш зарурлиги ҳақидаги иқрорини ўзгартира олмади.
Ёруғ дунёда аҳволи хароб одамларни кўрганида Анна ларзага тушиб, карахт бўларди. Уларга қўлидан келган барча кўмакни кўрсатишга уринар, ишлаб топган пулининг деярли ҳаммасини хайрия жамғармалари, касалхоналар ва болалар уйларига ҳадя этарди. Айтганча, айнан шу Збигнев билан ажрашишига сабаблардан бири эди. Эри хайр-эҳсонга қарши эди, унинг уқтиришича, Аннанинг пуллари манзилига етмай, амалдорлар чўнтагига тушади ва  у актрисани пулларни "шамолга совуриш" да айбларди. Ажрашишдан сўнг бутун борлиғини хайрия фаолиятига бағишлади. У "Ногиронлар ва аҳволи оғир беморларга кўмак жамғармаси" ни ташкил этди.
Бу одамларда қанчалар ғайрат-шижоат, ҳаётга ташналик, ижодга иштиёқ яширинганини, улар шунчаки яшашни истамай, ўзини намойиш этиб, маҳоратларини шакллантиришни ҳоҳлашларини кўриб, Анна тарихда илк марта "Ногиронлар учун мусиқа ва театр фестивали" ни ташкил этди.
Хайрия фаолияти унга учинчи турмуш ўртоғини топишига сабаб бўлди, бу сафар унинг интилишлари ва қизиқишларига мос киши учради. Режиссёр Кшиштоф Оржеховски, Краков театри директори рафиқасининг одамларга кўмак юмушларинғ қўллаб қувватлайди ва унинг ўғли Михаль билан илиқ муносабатни йўлга қўя олган. Демак, ушбу манзарада Анна Демнани бахтиёр аёл деб санаш мумкин. Унга касалхоналардан, қамоқхоналардан, болалар уйларидан хатлар йўллашади, тақдир чархпалаги турли оғир синовларга дучор этган кишилар орасида "оғизма-оғиз этак радиоси" ишлаб, ҳаммага ёрдам берадиган "Анна опа" ҳақидаги хабарлар тарқалишга улгурган. У эса кўмак қўлини тутишда давом этмоқда.

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari