Free HTML5 by FreeHTMl5.co Sep 10, 2024

Ўз ўзига муҳаррир ёки онгнинг бугунда "заҳарланиши".





Ёшим 10-11 да эди. Опам ва дугонаси қўшнимиз Улдона опа мендан 13 ёш катта бўлиб, қиш оқшомларининг бирида улар қандайдир асар ҳақида гаплашишарди. Опам бу китобни ўқимагани, бу ҳақда менинг билишимни дугонасига айтарди. Ўшанда уларнинг суҳбатига алоҳида диққат қаратдим. Улдона опа шунда менга у ҳам алоҳида ва ўта жиддий разм солиб " Эркин Аъзамовнинг "Атойининг туғилган йили" қиссасини ўқиганмисан? " деб сўради. Мен "Ҳа," Анойининг жайдари олмаси" ни ўқиганман, лекин у қисса эмас, ҳикоя. "Олам ям-яшил" тўпламида бор, " дея уни "тузатиб" табиий жавоб қилганман. Мен китоб мутолаасини асосий эътиборга молик қандайдир муҳим машғулот санамасдим, бу менга ёқарди, гўёки сув ичишга ҳоҳишдек ташналик эди. Улдона опа ўша йиллари институтни тугатиб, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаётганди. Ўша суҳбатдан сўнг орадан бир ойча ўтиб, у яна уйимизга келганда мени яна саволга тутди: " Сен шундай ёшингга мос бўлмаган китобларни ўқийсанми, у миянгни заҳарлайди-ку?! " Мен ўшанда ҳам опага болаларча содда назар билан, унинг нима деганини ҳарфма ҳарф тушунаётгандим, мазкур тушунча ҳозирга довур худди шундай ҳолда ёдимда сақланиб қолинган, яъни китоб бошимнинг қопқоғини очиб томизгичда қайсидир суюқликни томизиб миямни заҳарлайди деган тушунчани. Аммо айни заҳар бу китобларга қанчалар тааллуқлилигини тушунолмай гаранг эдим. Яна битта гап. Орадан кўп вақт ўтмай "Атойининг туғилган йили" қиссасини кутубхонадан топиб, уни ўқишга ҳам улгурдим, бироқ назарда тутилган "заҳарланиш" нима эканлигини барибир англай олмасдим. Чунки китоблар ҳаётда яна ҳам ўзимни вазмин, мулоҳазали тутишга ундаб, атрофдагилар ҳам менда бачканалик ва жўнликни кўрмаётган эди. Фаҳмимча фавқулодда заҳарланишни Улдона опанинг ўзи ҳам қайд этмади, орадан яна 2-3 йил ўсмир ёшимда қайси асарларни ўқиётганим билан қизиқди. Мен охирги романни гапирдим. Шунда бу қўшнимиз "Шарқ юлдузи" журналида Одил Ёқубовнинг "Оққушлар, оппоқ қушлар" романи чоп этилаётгани, шу асарни ўқишимни тавсия қилди. "Шарқ юлдузи" қиммат журнал, деганимда эса, опа "Бешта ҳар бир тушликка кетадиган 20 тийинни тўплаб, журнални сотиб ол" дея маслаҳат берди. Ўшандан эътиборан асарларни янги ҳолида янада кўп ва тез ўқишни бошладим. Қизиқ жиҳати Улдона опа мактабда физикадан дарс берарди. Хуллас, у қизиқишларимга қайсидир жиҳатда ҳушёрлик торттириб , уни бир қадар яна ҳам бойитиб, тартибга солиб, ўзига хос муҳаррирлик вазифасини бажарганди.

МУҲАРРИРЛИК КИМГА ҚОЛГАН?

Одам зоти табиатан моддий егуликлар тановули қаторида маънавий нимадир истеъмолига эҳтиёжманд бўлади. Ҳатто узоқ ўлкалардаги миллат, элатлар ҳеч бўлмаганда халқ оғзаки ижоди намуналари билан ўз фарзандларига улашиб, уларнинг бу борадаги ташналигини қондиришга уринадилар, яъни улар бунда ўз миллати авлоди тарбиясини шакллантириб, ўзларига тааллуқли "архетип" ни шакллантиришда давом этадилар. ХХI асрнинг дастлабки йилларидан бошлаб дунё элатларини ҳар томонлама бир бирига туташтирувчи, ўзаро мулоқотга боғловчи мўъжизавий тенденция даври бошланди. Интернет, қўл телефонлари ҳар кимни ўз диди, дунёқарашига хизмат қилувчи кутубхона, кинотеатр, концерт майдончаси, радио , телевидение ва ҳоказо, ҳоказо шунга хос вазифаларни ўтамоқда, аммо ҳар кимнинг ўз танлови асосидаги бундай бандликни эркинлик деб аталиши "онгнинг заҳарланиши" деган хавотирларни ҳам келтириб чиқарди, бунга оид давр, вақтнинг ўтиши эса бу борада алоҳида хулосалар уйғонишига сабаб бўлган.
Аслида маълумотларнинг жиловсиз равишда интернет орқали сиздирилишнинг ўйлаб топилгани- бу махсус хизматлар фаолиятига тепки сифатида уларни ёмон кўрадиган, бундай соҳадан нафратланадиган олимларнинг ихтироси деган деган мулоҳазалар ҳам борки, бунинг таҳлили алоҳида бир мавзудир. Ҳозирда диққат қаратилишига асосий урғу эса қабул қилинаётган маълумот бола-бақра, эркак-аёл, ёш-қари учун қанчалар жўяли ва сифатли эканига йўналганидир.Яъни шунинг атрофида сўз юритмоқчимиз.
Россия телевидениесида деярли 30 йил давомида "Ўз ўзига режиссёр" деб номланган кўрсатуви намойиш этилди. Унда ҳаваскор камераларида суратга олинган алоҳида мазмунли роликлар кўрсатилиб, унинг муаллифлари тақдирланишарди ҳам. Унинг сўнгги кўрсатувида эса кишилар қўлида мобил телефонлар оммалашиши билан бундай машғулот архаик манзара касб этаётгани ва бунга зарурат қолмагани туфайли кўрсатув ёпилаётгани айтилди. Аммо бугунги замонавийлик ортида эса нафақат ҳаваскорлик съёмкалари, жимжимадор монтаж унсурлари киритилган, маҳорат намойишига куч бериб уринилган ҳолатлар ҳам хос. Бугун ижтимоий тармоқлар орқали овқат ўргатишдан тортиб, тугма қадашгача, турли исмларнинг маъно мазмуни билишдан, оддий пиёлани қандай ювишгача ҳар хил миллион мазмундаги маълумотларни топа оласиз, бироқ унинг вазни инсонни ўта баркамол этиб шакллантиришга янада лаёқатли деб айтишга фикр ожизлик қилади.Балким айнан одамларнинг ўз-ўзларига ёхуд фарзандларига, шогирдларига бу ўринда муҳаррирлик қила олиши аниқ тўхтам ва ақлдаги ўзликнинг пайдо бўлишига таъсир кўрсатиши мумкин. Энди режиссёрликдан ҳам кўра ҳар ким ўзига ўзи муҳаррирлик қилаётгани кўзга ташланаётган долзарб манзара бўлмоқда.


ОДАТИЙ ҲАЁТИЙЛИК ЗАМИРИДАН ВИРТУАЛ ТАЪСИР


"Яқинда таъзияда қишлоқда яшайдиган холамнинг қизлари билан кўришдим. Уларни хорижда 5-6 йилдан буён меҳнат сафарида бўлганим учун юзма юз учратмагандим. 50 ёшни қоралаб қолган тўнғич бўлам сингилларидан яна ҳам кўркам, ёшига нисбатан анчайин дуркун эди. Бунинг сирига қизиқсинганимда, аслида фаррошлик билан кун кўрувчи холаваччам шундай деди:" Ҳозир қишлоқда деярли ҳамма вайфай ўрнатган. Шунга баъзида уззукун телефон ковлайман. Ютубнинг бир араб каналида юзни парваришлаш бўйича роликни тилни тушунмасам ҳам кўрдим. Унда машҳур номдаги совунни қирғичда қириб уни картишка қиринди аталасига аралаштириш кўрсатилганди. Камида ҳафтасига бир марта шу қайлани юзимга суртаман. Шунга ўхшаш гўзаллик бўйича маслаҳатларга амал қилаётганимдан ташқи кўринишим ёшарди", дея изоҳ берди холаваччам,- дейди 38 ёшли термизлик Манзура.
Манзуранинг айтишича, ўргимчак тўри олами қишлоқдаги оддий аёллар турмушини бир қадар зерикарли фурсатлардан холи қилди деган билан кишида қишлоқликликлар ўз диди ва фаросати атрофида барибир ундан фойдаланяпти деган якдил фикр уйғонади.
"Яқинда Шеробод туманига тўйга бордик. Тўй шаҳар услубида қурилган кенг тўйхонада бўлиб ўтди. Кўнгилни ранжитган жиҳати тўйга тўпланган одамлар муҳити тўйхона шаклига мос эмас эди, мусиқа овозидан ҳам кўра меҳмонлар, айниқса болалар шовқини қулоққа ёқимсиз эди. Яна ҳам уларнинг столнинг атрофида ўзини тутиши маданиятсизликни акс эттириши билан биргаликда нафси очликдан ҳам далолат бераётганди. Аёллар фарзандлари ва ўзлари олдига егуликларни тўплаб, ёнидагиларига бир кўз ҳам ташламай, паққос туширишга уринишарди.Шу баробарда деярли ҳар бири телефон ушлаб, қариндошлар каналига лавҳалар жойлашга шошилишарди. Бундай ҳолларни кузатиб интернет ҳам ҳали ожиз манба эканига имон келтирасан, шакл ва мазмун бир бирига муштарак тушишига нечта қовун пишиғи бор экан деган ўйга борасан. Кишиларга интернетда ўзларини жамоат жойларида қандай тутишни ўргатиш мавзулари бу борада ўта зарурдир"-дейди Манзура.
Интернет орқали салбий ёки унинг чала ярим таъсир деганда деярли оммавий тарзда унда таом пишириш жараёнини кузатишда ҳам кўриш мумкин. "Олам- дастурхон" бўлиб ётган майдонда ҳар ким ўз пичоғига илинганидан баҳраманд, деган мулоҳазалар билдирилади.
"Янги тушган янгамиз деярли кўп ҳолда ижтимоий тармоқдаги видеоларга қараб таом пиширади. Мен бунга оид амалий курсларга қатнаганим сабабли бундай каналларга бир қадар шубҳа билан боқишни ўрганганман. Яъни кўр кўрона унга эргашиб овқат пишириш хато, бунинг ортидаги одамлар ҳар доим мутахассис бўлиб чиқмайди ёки унинг қайсидир жиҳати бекитилиб сир тутилади. Хуллас яқинда янгамиз онам унга димлама тайёрлашни буюрганда таомни карами титилган ҳолда олиб кирди. Онам шунда яна интернетдаги жинниларга қараб овқатни қилдингми деб савол унга савол бериб боққанда, у" ҳа" ишораси билан маюсгина бошини қоқди. Кишилар ҳар доим ҳам ўзлари танлаб кўраётганларига бу тўғри экан деб ишониб, индамай эргашиб кетаверишлари мумкинмас,"-дейди 25 ёшли уй бекаси Басанда.


ИНТЕРНЕТ ҚАЪРИДАН УЛҒАЯЁТГАН АВЛОД

"Бизнинг уйда 11 киши истиқомат қилса, ҳатто бешикдаги чақалоқ жиянимиз ҳам интернет фойдаланувчиси ҳисобланади. Хонадонда аксар ҳолда телевизор интернетга уланган бўлади. У йиғлаган пайтлари клиплар қўямиз, у кўриб дарҳол жимийди. Бошқа уч яшар жиянимиз эса" Оқ жигули"ни қўйиб бер деб хархаша қилади.( Ўзича машҳур ашулага шундай ном қўйиб олган.) Ҳайрон қоларли жиҳати у ниҳоятда инжиқланиб, ўзини қўярга жой тополмай йиғласа, қўлига телефонни берганимизда жим бўлади ва ундан ўзига керакли мультфильмни топиб олиб кўра олади. Яъни у ўзига мос маълумотни ҳис қила олади, бошқасига ҳеч ҳам ҳатто адашиб ўтиб кетмайди, "- дейди интернет борасидаги бандлик ҳақида термизлик 19 ёшли абитуриент Зоҳир.
" Ҳозирги авлод телефон билан катта бўляпти. Бу офатми ёки замонавий илғорликми, бунинг натижасини билишга яна бир неча йил кутишга тўғри келади. Ҳозирда болалар тарбиясида қандайдир гарангсиган жиҳатларни кузатиш мумкин. Улар кўраётган томошалар, мултфильмлар бизнинг давримиздагидан кўра фарқли, олабўжи тасвирлар ниҳоятда қуюқ ва мантиқсиз.
Шунга невараларим ҳуркак, кечаси ҳовлининг у четидаги ҳожатхонага боришга қўрқиб кўмак сўрайди. Ёмон тарафи улар телефон орқали беҳаё ҳолатларни ҳам томоша қилишлари мумкин бўляпти. Бор йўғи 9 ва 10 ёшдаги ўғил невараларим шундай роликни бир бирига кўрсатиб, ҳиринг-ҳиринг қилишаётганда уларни уришиб беришимга тўғри келди, "-дея вазиятга баҳо беради нафақадаги педагог Салтанат опа.
"Биз маҳалламизда биринчилардан бўлиб вайфай ўрнатганимизда уйимиз деворининг таги ёш болалар ва ўсмирларга тўлиб кетди. Қизиқсиниб қарасак, улар" Пабжи" деган қимор ўйин билан банд эканлар. Олдимга солиб уларни қувиб солишга мажбур бўлдим. Ҳозир катта ёшдагилар ҳам шундай осон пул топувчи ўйинларга гуррас шўнғиган. ",- дейди жарқўрғонлик ҳайдовчи 47 ёшли Шокир.
Унинг мулоҳазасига кўра маълум бир даврнинг авлоди йўқотилган замон болалари деб таснифлашга арзийди.
"Мен 2000 йиллардан сўнг туғилган авлодни алоҳида хусусиятга авлод деб қарайман. Уларнинг феълида ғайриодатий чўрткесарлик, ўжарлик, катта ёшлагиларга ҳурматсизлик мужассам. Кўпчилик уларни беҳаё томошалар бузяпти деган фикрга боради, менимча бу нотўғри мушоҳада, чунки ҳирсий қизиқиш ҳам табиатан қандайдир кучни талаб қилади. Ҳозирги ёшларда балким бу эрта бошланганидан бунга нисбатан совуққон қизиқиш мавжуд, яъни эт ўлиб бўлган. Ўрнига уларда ғалати аламзадалик, нима исташини ўзи билмаслик, гарангсиган кайфият ҳукмрон. Бунга эса ўша телефондаги ўзбошимча машғуллик сабабчи деб биламан,"- деб фикрини якунлайди Шокир.
" Ҳозирги вазият қайсидир ҳудудда кутилмаганда табиий офат- қуюн ёки кучли жала ёмғири содир бўлиб, изидан ҳаммма ёқни ағдар тўнтар этиб, оқибат қолдирган ҳолни эслатади. Албатта қандайдир талафотни бартараф этиш учун ҳам эс, фаросат, куч-ғайрат зарур. Ўзимга келсак икки- уч йил давомида ижтимоий тармоқда мук тушиб, ўзимга ўзим танловни яратдим. Кўпроқ рус сериаллари- мелодрамаларини қолдирмай кўрардим
Натижада бу мени алалхусус чарчатгандек туюляпти. Яна тв кўришга, алоҳида мутахассислар, муҳаррирлар томонидан тартибга солиниб, маълум ғоялар асосида тайёрланган дастурларга, каналларга қайтаяпман. Атрофимдагиларнинг айримлари ҳам худди шу йўлни тутишяпти
Бу эса ижодий ходимларга барчага муҳаррир бўлишдек даъводан ташқари, ёшдан кексага қадар йўл кўрсатувчилик масъулиятини ҳам юклайди ва улар бунга лойиқ бўлишлари даркор, "- дейди ўз исмини сир тутишимизни ҳоҳлаган ўрта ёшдаги маҳаллий журналист аёл.


Бахтиёр Турсунов






Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari