Free HTML5 by FreeHTMl5.co Nov 15, 2022

Қатар-2022. Тарихдаги энг қиммат чемпионат

Қатарга 2022 йили футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи тақдим этилиш борасидаги "баҳсли тортишувлар" дан сўнг орадан 12 йил ўтгач ниҳоят у бўлиб ўтиши керак, деб ёзади немис нашри Focus.
Олдиндан қилинаётган сарҳисобларга кўра, мазкур спорт тадбири чемпионатларнинг 100 йиллик тарихи ичида энг қимматлиси бўлиши кутилмоқда. Айрим баҳоларда айтилишича, Дохадаги дастлабки сарф-харажат 200 млрд доллардан ортиб кетди, бу илгари ўтказилган чемпионатларга сарфланган маблағлардан жуда ошиб тушган. Таққос учун 2014 йили Бразилияда, 2018 йили Россияда ўтказилган ЖЧларга 15 млрд доллардан бироз кам маблағ кетган.
Шу билан баробарда охир-оқибатда харажатлар яна ҳам кўпайиши мумкин. Американинг Front Office Sports консалтинг компанияси хомчўтига қараганда, бу 220 млрд $ кўрсаткичига етиши мумкин.
Чемпионат ўтказиш ҳуқуқи берилгандан сўнг биргина фойдаланишга топширилган инфратузилма лойиҳаларнинг ўзига 200 млрд $ сарфланди. Сўз янги темир йўл транспорти тизими, халқаро аэропорт, 100 га яқин янги отель, янги кўча ва истироҳат боғлари ҳақида кетмоқда. Экспертларнинг ҳисоблашича, Қатар бу ишларни тижорат мақсадида эмас, дипломатик муносабатларни яхшилаш ниятида амалга оширмоқда. Гап мамлакат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш борасидаги стратегия доирасида юмшоқ кучга таяниш ҳақида бормоқда. Шу билан бирга Дохага пулнинг қадри йўқ. Яъни кўринишидан мамлакат истаганча бундай сарф-харажатга йўл қўя олади. Экспертлар ҳатто 2022 йилги чемпионатни "молиявий аномалия" деб аташмоқда.
Бироқ бундай лойиҳалар ўзининг "шошма-шошар дабдабозлиги" ни оқлаб келгусида жамиятга фойда олиб келадими, деган савол ҳам ўртага чиқади. Аммо шу ҳолатда ҳар бири 6,5 млрдга тушган еттита янги стадионга қараб чиқилса, бу борада кишида шубҳа уйғонади. Агар ЖЧ якунланса, 2,8 млн аҳолиси бор мамлакат ундан қандай фойдаланишни билмаслиги мумкин. Маълумотларга кўра, Қатар уларнинг учтасини қолдириб, қолганини бузиб текислашни, кичрайтиришни ёки бошқа эҳтиёжларга мослаштиришни келгусига режалаган.
ЖЧга яна ишчи- муҳожирлар муаммоси ҳам соя ташлайди. Айрим хабарларга қараганда, чемпионат объектлари қурилишида мажбурий меҳнатдан фойдаланилган. Шунингдек, 2010 йилдан буён Қатарда Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Непал ва Шри-Ланка каби давлатлардан келган минглаб меҳнат муҳожирлари ўлган. Инсон ҳуқуқи фаоллари буни 6500 киши деб айтмоқда ва улар айнан чемпионат иншоотлари қурилишида ишлаш учун келган муҳожирлардир. Бироқ ФИФА халқаро футбол федерацияси учун ишчилар ўлгани, кўп сарф-харажатнинг аҳамияти йўқ, мазкур ташкилотга чемпионатлар асосий даромад манбаидир, унинг пули билан федерациянинг кейинги тўрт йиллик туркумли фаолияти молиялаштирилади, деб ёзади Focus.

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari