Free HTML5 by FreeHTMl5.co Jun 09, 2021

Муаммолар Қопи ёхуд она изтироби

Кунларнинг бирида Тангрининг қошига бир аёл келди. Унинг елкаси каттакон қоп ортқилаганидан букчайган, боши тўғрига эгилган, пешонаси остидан боққан нигоҳлари таҳликали ва тийрак эди.
- Ҳоридингми, муҳтарам аёл,-хавотирланди Тангри.-Елкангдаги юкни итқит, ўтир, дам ол.
-Раҳмат, фақат бир оз ўтира оламан, -рад қилди аёл.-Бир нарсани сўраб, яна ортга қайтаман. Балким шу вақт ичида тағин бирон нима содир бўлмасин. Бунинг учун ўзимни ҳеч қачон кечирмайман.
-Ўзингни нималарга кечиришга тайёр эмассан.
-Мабодо фарзандимга нимадир бўлса. Айнан шуни сўраш учун ҳузурингга келдим. Парвардигорим, уни асраб, авайла!
-Фақат шунинг билан машғулман-жиддий сўзлади Тангри.-Сенга ғамхўрлигим борасида бирон шубҳа уйғотишга асос яратдимми?
- Йўқ, бироқ... Ҳаётда шунчалар хавф-хатар, ёмон таъсир, эгилишу йиқилишлар мавжудки! У шундай ёшдаки, барига тегинишни, ҳар ерга бош суқишни, ўзини ўзи тасдиқлашни истайди. У аро йўлда қоқилиб, оғриқ чекишидан изтиробдаман.
-Хўш, унда кейинги сафар у диққатлироқ бўлади, чунки ўз вужудида оғриқ нима эканлигини синаб кўради.-жавоб берди Тангри.-Бу жудаям маъқул тажриба! Нега унга буни ўрганишига йўл қўймаяпсан!
-Айнан шу азоб-ситамдан уни халос этмоқчиман!-эҳтирос билан хитоб қилди она.-Кўряпсан-ку, ҳар доим ўзим билан сомон тўла қопни кўтариб юраман, у йиқиладиган жойга сомонни тўшайман.
- У ҳар ерда йиқилиши мумкин...-ўйчан деди Тангри.-Ахир ётган ўрнидан ҳам ағдарилиб тушиши мумкин, шундай эмасми?
-Ҳа... Лекин шундай мақол бор-ку-"қаерда йиқилишини билганимда хас парқу тўшардим. " Шунга мен ҳам уни эҳтиётламоқчиман.
-Унда ҳозир уни чор тарафдан сомонларга буркашимни ҳоҳлайсанми? Яхши. Мана, кўр.
Ва Тангри бир онда улкан сомон уюмини яратиб, ер юзига ташлади, Сомон аниқ мўлжалга тегди: у аёл ўғли атрофида айлана қилиб тўшалди, уни барча хавф-хатарлар, омадсизликлар, йўлдан оздириши эҳтимол гуноҳлар, ҳатто ҳаётни ўзидан ҳам тўсиб, ҳимоялади. Аёл ўғлининг ўзини гоҳ у ер, гоҳ бу ерга уриб, қимирлашга уринаётгани, сомон тўсиқни нари итариб, уни ёриб чиқишга талпинаётганини кўрди, бироқ зич сомон у билан бирга ҳаракатланар, бирор жойи лат еса, уни енгиллатишга тайёр турарди. Ўғил ўзини йўқотган, сомон халқани тешиб ўтмоқчи бўларди, гоҳ қийноқдан, гоҳ нафратдан жунбушга келарди. Охир-оқибатда у қаердандир гугурт топиб, хас-ўланни ёқиб юборди. Олов алангалади, ва бор манзара бир лаҳзада тутунга қопланди.
-Ўғлим!-ҳайқирди аёл.-Болагинам, сенга ёрдамга ошиқяпман!
-Гулханга янада сомон ташламоқчимисан?-сўради Тангри.- Назарда тут: ота-оналар қанчалик сомон тўшашса, ундан халосликка интилиш истаги шу қадар кучли бўлади. Агар бунга эришмаса, одам бор ҳаётини ёқиб юбориши мумкин. Чунки у оғриқ нималигини билмайди ва эркинлик танлови нелигини ҳам...
-Бироқ бунга жим қараб ўтира олмайман!-ингранди аёл.-Сомон тўла қопим уни қутқаради!
--Сенингча, бу сомонга тўла қопми, хато қиляпсан,-деди Тангри.-Аслида бу-Муаммолар Қопидир. Сенга туюлаётган даҳшатлар, сени чулғаган хавф-хатарлар, сенда тўлиб тошган хавотирлар шу қопда жойлашган. Нимаики ўйлаб, безовта эканинг куч олиб, ўсиб боради, зотан муаммоларга сен қувват беряпсан. Шу сабабли кўтариб юрган юкинг оғир, гарданинг чарчаган...
-Унда ўғлимга ғамхўр бўлмаслигим лозимми?-ўйловдан пешонасини тириштирди аёл.-Менга шуни раво кўряпсанми, Худойим?
-Ғамхўрлик-онанинг иши. Бироқ қўрқмаслигинг шартлиги-бу аниқ. Чунки мен ҳам унга қайғураман Ўз юмушимни адо этишга рухсат бер. Шунчаки менга халақит қилма! Бироқ фаҳмимча, бу эътиқод масаласи...
-Биласанми, Худойим?-бироз ўйланиб сўз қотди аёл.-Менга гугурт бера оласанми?
-Албатта. Уни нима қилмоқчисан?
-Муаммолар қопини ёқмоқчиман,-жилмайди аёл.-Ва алал-оқибат сенга чинакамига эътиқод қилмоқчиман. Йиқилмоқ ва яна адл турмоқ. Хато қилмоқ ва уларни тузатмоқ. Қувонч ва азобларни хуш қаршиламоқчи, ўғлимга ҳам шу ҳуқуқни инъом этмоқчиман.
-Бу мақбул қарор,-табассум қилди Тангри.- Эҳ, бу безовталиклар! Куйиб кул бўлиб кетсин.
-Сенга, ўзимга ва ўғлимга ишонгум,- ўз Муаммолар Қопи қовжираб, чисирлаб ўтда ёнаётгани, кулга айланаётганига қараб шивирлади аёл. Энди унинг қадди ростланган, боши тик кўтарилган, нигоҳи ўткир ва тиниқ эди.-Нимаики содир бўлса, сенинг томонингдан фақат биз учун- Эзгуликка юборилганига ишонаман. Энди ростдан ҳам сенга инонаман!

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari