Эгнида ямоқлар билан чатилган узун камзул, оёғида хивчинли бошмоқ кийган Чжуан-Цзи Вэй салтанати ҳукмдори ёнидан ўтиб қолди.
-Аҳволингиз нақадар абгор, азизим!-хитоб қилди подшо.
- Аҳволим фақир, зинҳор абгор эмас,-жавоб қайтарди Чжуан-Цзи,-Мақсад белгилаб, бунга куч мадоринг бўлсаю, буни ҳаётга тадбиқ эта билмасанг-айнан шу- ёмон умргузаронлик демакдир. Жулдур-жамоқ либос кийиб, илма-тешик пойабзалда юриш-бу камбағалликни англатади, ҳеч ҳам ёмон яшашни эмас. Бу "бемаҳал замонда туғилмоқлик" деб аталади. Улкан дарахт устида чопқиллаб юрган маймунга кўзингиз тушганми, жаноби олийлари?! У арча ёки қайрағочга бемалол чиқиб, шохдан шохга шу қадар моҳирона сакрайдики, ҳатто уста мерган ҳам уни аниқ нишонга олишга улгурмайди. Агар у пастак ва тиканакли бута ўсимталари орасига тушиб қолса, унда ёнбошида, оёқда зўрға илиниб, атрофга бесўнақай аланглаб, мувозанатини йўқотади. Гап унинг кўп куч сарфлаши зарурлиги ёки мушаклари заифлашганида эмас. Шунчаки у ўзи учун номақбул шароитга дуч келиб, ўз имкониятларини кўрсатишдан маҳрумдир. Инсон ҳам шундай: ақли паст ҳукмдор ва ҳийлагар амалдорлар жамоати орасида экан, ўзи тўкис яшашни истаган тақдирда ҳам, бунга эришиши мумкинми?