Бу жазирама ёз кунида рўй берди. Синглим билан йўл ёқалаб тамбаланган дарвозалар ёнидан ўтаётгандик. Англай олмадим, шўхликданми ёки гарангсибми, синглим дарвозани тақиллатиб юборди, тақиллатмади ҳам, шунчаки муштини ўқталди.Йўл чапга энганди, юз қадам нарироқдан қишлоқ бошланарди.
Бу биз учун мутлақо нотаниш манзил эди, илк уйга ёнлашганимиз заҳоти, ҳар бир эшикдан одамлар чиқиб, гўё саломлашгандек ёки нимадандир огоҳлантиргандай бизга бош ирғай бошлашди. Уларнинг ўзи ҳам қўрқувда эди.Улар ваҳимадан титрашиб,бармоқлари билан биз боя ёнидан ўтган бинони кўрсатиб, дарвозани урганимиз ҳақида сўзлашарди.Уй эгалари устингиздан арз қилишади ва дарҳол тергов бошланади. Мен ниҳоятда босиқ эдим ва синглимни ҳам тинчлантиришга уринардим. Чунки у ҳеч ҳам тақиллатмади, мабодо бир марта урган бўлса ҳам, буни ҳеч ким ҳеч қандай асосда исботлай олмайди. Мен буни атрофдагиларга ҳадеб уқтирардим, улар мени тинглашар, бироқ ўз фикрларида собит қолишаётганди .Кейин улар нафақат синглимни, ака сифатида мени ҳам жавобгарликка тортишларини айтиб қолишди.Мен кулимсираганча бош чайқардим.Биз ҳаммамиз бино томонга қараб турардик- гўё узоқдан ўрлаб турган тутунга боқиб, унинг ичидан ниҳоят олов чатнашини кутаётгандик.Ростдан ҳам бироздан сўнг дарвозалар ланг очилиб , ундан отлиқлар чиқа бошлади. Чанг –тўзон булути кўтарилиб, унда фақат узун найзаларнинг ўткир тиғи ялтиллаб кўринарди.Чавандозлар галаси бино ичкарисига бир тисарилиб, зудликда изга қайтди ва биз томонга от чоптирди. Мен барчасини ўзим ҳал қилиш учун синглимдан халос бўлишга уринардим. У қаршилик кўрсатарди, бир ўзимни ташлаб кетишни истамасди. Мен уни муҳтарам зотлар қаршисида башанг либосда кўриниш учун ҳеч бўлмаса кийиниб келишга кўндираётгандим.
Ниҳоят у кўнди ва уйга йўл олди, уйгача эса ҳали олис эди.Шу онда эса суворийлар отларини дукурлатиб келиб, эгардан тушмай, синглимни талаб қилишга ўтишди.Ҳозир у йўқ, жавоб беришди уларга, бироқ бироз ўтмай келади.
Суворийлар бунга ниҳоятда бефарқ муносабат бўлишди, афтидан уларга мени қўлга киритиш муҳимроқ эди.Уларнинг орасида иккитаси жонбозлик кўрсатаётганди.Бири –судья,чўрткесар навқирон жаноб ва унинг имилдоқ ёрдамчиси, у ўзини Осмон деган исм билан таништираётганди. Менга деҳқон кулбасига киришни сўрашди. Бошимни силкитиб, нажотга маҳтал ўйда, ҳозир бўлган жанобларнинг ўткир нигоҳи остида у ерга йўналдим.
Ҳамон бир оғиз сўзимдан мени деҳқонлар оломонидан шаҳарлик сифатида ажратиб олишади ва ҳатто ҳурмат бажо келтириб, қўйиб юборишади деган умидда эдим.Бироқ судья кулбага мендан олдин ўқталди, қадам босиб киришга улгурмасимдан, шундай сўзлар билан кутиб олди:”Мана кимга ачиниб кетяпман.”Бу билан у аниқ айни аҳволимни эмас, келажакда мени нима кутаётганини назарда тутаётганди.Хона деҳқон кулбасидан ҳам кўра қамоқхона камерасини ёдга соларди.Ерга катта тошлар ётқизилган, деворлар тунд рангда ва яланғоч эди,қаеридадир темир ҳалқалар ўйилган, ўртада ҳандаққа ўхшаш нимадир ва операция столи бор эди.
Қачонлардир турмахона ҳавосидан бўлак ҳаво билан ҳам нафас оламанми?
Мана шу асосий савол менинг қаршимда турибти, тўғрироғи озодликка озгина умидланганимда, балким-да, турган бўларди бу савол.
Али МУҲАРРАМОВ таржимаси.