Free HTML5 by FreeHTMl5.co May 12, 2021

Бароқ Маркизнинг ясама тишлари.

Маркиз Улуғ Ватан урушидан илгари, мендан икки йил аввал туғилган. Фашистлар шаҳар атрофида халқа қамалини ўрнатишганда, мушук йўқолиб қолди. Бу бизни ҳайратга солмади. Халқ оч-наҳор эди, қўлга илинган учадиган, судраладиган, вовуллайдиган, миёвлайдиган бари барини еб битиришаётганди.
Сўнг эса биз фронт орқасига яшириндик, 1946 йилдагина қайтдик.
Айнан ўшанда Ленинградга Россиянинг турли бурчакларидан мушукларни эшелонда сурувлаб олиб келишди, чунки каламушлар сурбетлиги ва очофатлиги билан жонга текканди...
Кунларнинг бирида эрта тонгда нимадир тирноқлари билан эшикни тимдалаётгани, бор овозда бақираётгани эшитилди. Отам билан онам эшикни очиб, ҳайронликдан ёқа ушлашди: остонада йириккина оқ-қора бароқ мушук киприк қоқмай уларга тикилиб турарди. Бу урушдан қайтган Маркиз эди. Жароҳат излари, тиртиқлар, калталанган думи ва йиртиқ қулоғи унинг бомба ҳужумларидан омон чиққанини англатарди. Бунга қарамасдан у бардам, соппа соғ, семизгина эди. Унинг Маркиз эмаслигига ҳеч ҳам шубҳа йўқ эди, елкасида туғилганидан бўртиқ ёғли бези, оқ бўйнида эса артистона қоп-қора " капалакнусха бўйинбоғи" бор эди.
Мушук ўз эгаларини, мени, хонадаги нарсаларни бирин-кетин ҳидлаб чиқди, диванга ўзини ташлаб, уч кун ухлади.У уйқусида қалтираганча оёқларини йиғиб олар, миёвлаб қўяр, ҳатто тишларини гижлатиб, қандайдир кўрнмас ғанимга ташлангандек бўларди. Маркиз тинч яратувчан ҳаётга тезда кўникди. У ҳар тонг дадам билан ойимни уйдан икки чақирим узоқдаги заводгача кузатиб борар, у ёқдан тезда югуриб қайтиб, диванга чиқиб оларди ва уйғонишимни кутиб яна икки соат пинакка кетарди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, у моҳир каламуш овчиси эди. Ҳар куни эшик бўсағасида ўнлаб каламушларни териб чиқарди. Тўғри, бу томоша у қадар ёқимли бўлмаса-да, лекин ҳалол адо этилган касбий бурчи учун у муносиб тақдирланарди. Маркиз каламушларни емасди, унинг кундалик озуқаси таркибига уша пайтларда одамлар нимани истеъмол қилса, шу кирарди: макаронлар-Нева дарёсидан ушланган балиқлар билан, товуқ ва пиво хамиртуруши. Энг сўнггисини унга ҳеч ҳам рад қилишмасди. Кўчада доривор пиво хамиртуриш растаси бўларди, сотувчи аёл ўзининг таъбири билан айтганда "фронтча" 100-150 грамм пиво қайласини мушукка сузиб берарди.
1948 йили Маркиз учун нохуш воқеалар бошланди-жағи тепасидаги тишларининг ҳаммаси тўкилиб кетди. Мушук кўз ўнгда сўлиб бита бошлади.Ветврачлар қатъий қарорда эдилар: мангуга ухлатиш керак. Мана шунга ойим билан ўксик қиёфада қўлимиздаги мушук билан навбат кутиб зоополиклиникада ўтирардик.
- Мушугингиз бунчалар чиройли,-деди кичкина кучукни кўтариб олган киши,-Унга нима бўлган?
Биз эса хўрсинганча, қайғули воқеани сўзладик.
-Жониворингизни кўриб қўйсам майлими?
Эркак Маркизни олиб, қўпол ҳаракат билан оғзини шартта очди.
-Хўш сизларни эртага стомотология илмий тадқиқот институти кафедрасида кутамиз. Биз албатта сизнинг Маркизингизга ёрдам берамиз.
Эртаси куни биз институт биносида Маркизни саватдан чиқарганимизда, кафедранинг барча ходимлари йиғилганди. Танишимиз протезлаш кафедрасининг профессори ҳамкасбларига Маркизнинг жанговар қисмати, тишлари тўкилишига сабабчи у кечирган қамал ҳақида ҳикоя қилди. Маркиз тумшуғига эфирли ниқоб. тақишди, чуқур уйқуга кетгач, шифокорларнинг бир гуруҳи жағини очиб, нусхалашга уннашди, бошқаси қонаётган оғизга пўлат таянч кийгизишди, учинчиси дока тампонлар ёпишди.
Ҳаммаси тугагач, протезлар учун икки ҳафтадан сўнг келишимизни айтишди, мушукни эса суюқ овқат, қуюқ бўтқа, сут, қаймоқ, творог билан озиқлантиришимизни сўрашди. Лекин булар танқис маҳсулотлар эди. Шундай бўлса-да рўзғоримиздан қийиб, буни ҳам амалладик. Икки ҳафта бир зумда ўтди ва биз яна институтга келдик. Ўлчаб кўришга барча жамоа йиғилди. Ясама қопламани кийгизишганда Маркиз- жилмайиш ижодий зарурати ҳисобланган қизиқчи артистга ўхшаб қолди.
Бироқ сунъий жағ Маркизга таъм жиҳатдан ёқинқирамади, ҳадеб ижирғаниб, оғзидан чиқазишни истади. Санитар аёлнинг миясига мушукка пишган лаҳм гўшт бериш лозимлиги ҳақидаги фикр келмаганда, балким, мазкур саросима қандай якунланиши номаълум қоларди. Маркиз аллақачондан буён бундай танқис неъматни тотиб кўрмаган, протезни ҳам унутиб, уни чайнай бошлади. Мушук дарҳол янги мосламанинг улкан устунлигини ҳис этди. Унинг тумшуғида жонбозона қилинган ақлий меҳнат намунаси акс этганди. У ҳаётини доимга янги жағи билан боғлади. Нонушта, тушлик ва кечки овқат орасида тишлар бувим ва отам жағлари қаторида сувли стаканда турарди. Кунига бир неча марта, айниқса тунда Маркиз идишига яқинлашиб, жағи жойида эканлигига ишонч ҳосил қилгандагина, бувимнинг катта диванига бориб мудрарди. Бир маҳал тиши стаканда йўқлигини пайқаган мушукнинг қанчалар ғамга ботгани аён. Уззукун яланғоч жағини очиб, Маркиз чинқирар, гўёки унинг мосламаси қаёққа ғойиб бўлгани ҳақида барчани сўроққа тутарди. Жағни эса ўзи топиб олди, у раковина тагига тушиб кетган экан. Мазкур ҳодисадан сўнг у кўп вақтини стаканнинг олдида ўтказиб, тишларини қоровулларди.
Хуллас, суньий жағ билан мушук 16 йил яшади. 24 ёшга тўлаётганида, абадиятга равона бўлаётганини ҳис қилди. Ўлимидан олдин бир неча кун қадрдон стакани ёнига йўламади. Энг сўнгги куни бор мадорини тўплаб, раковинага чиқди, орқа оёғи билан токчадаги стаканни полга туртиб юборди, кейин тишсиз оғзига сичқонни каби жағни илиб, уни диванга келтирди, олдинги оёқлари билан протезни қучиб, жониворча нигоҳ билан менга узоқ тикилди ва энг сўнгги қўшиғини миёвлаб ижро этиб, доимга кўз юмди.

Борис Смирнов, "Возрождение милосердия" газетаси, СПб.

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari