Free HTML5 by FreeHTMl5.co Oct 04, 2021

Типратикан

Даданинг ёши 40 да эди. Славикники саккизда, типратиконники эса бунданам кичикда эди.
Славик типратиканни телпагида кўтариб келди. Отаси газета ёзиб ўтирган диван ёнига чопқиллаб, бахтдан нафаси бўғриқиб, деди:
-Дада, манавини қаранг!
Дада газетани нари суриб, типратиканга тикилди. Типратикан товуқбурун ва чиройли эди. Бундан ташқари дада ўғлининг жониворларга нисбатан меҳрини қўлларди. Яна бундан ташқари, отанинг ўзи жониворларни севарди.
-Яхши кирпи,-деди дада.-Ёқимтойгина. Қаердан топдинг?
-Ҳовлидаги бола берди,-деди Славик.
-Демак, совға қилдими?-аниқлик киритди дада.
-Йўқ, биз алмашдик.-деди Славик.-У менга типратиканни берди, мен эса унга чиптани.
-Яна қанақа чипта?
-Лотереяники.-деди Славик ва типратиканни полга қўйворди.-Дада, унга сут бериш керак.
-Сут билан шошмай тур,-деди дада жиддий оҳангда.-Лотерея чиптаси сенда қаердан пайдо бўлди?
-Мен уни сотиб олдим,-деди Славик.
-Кимдан?
-Кўчадаги амакидан... У шунақа кўп чипталарни сотаётганди. Ўттиз тийиндан... Вой, дада, типратикан диваннинг тагига кириб кетди...
-Типратиканинг билан шошмай турсанг-чи!-асабийлашиб деди дада ва Славикни ёнига ўтирғизди.-Қандай қилиб у болага лотерея чиптасини бера қолдинг? Ахир унда бирор ютуқ чиққан бўлса-чи?!
-Чиқди.-деди Славик, типратиканни кузатишдан кўзини узмай.
-Яна бу қанақаси-ютуқ чиқдими?-секингина сўради дада, унинг бурни устини тер қоплаганди.-Қандай ютуқ?
-Музлаткич!-деди Славик ва жилмайди.
-Бу нимаси?-дада қандайдир ғалати титрарди.-Музлаткич?! Нега талмовсираяпсан?.. Буни қаёқдан биласан?
-Қаёқдан бўларди.-хафа бўлди Славик.-Буни газетадан текширдим... У ерда бошидаги учта рақами тўғри келди... Қолганиям... Серияси ҳам!.. Мен энди текшириб кўришни биламан, дада. Ахир кап-каттаманку.
-Катта?!-дада шундай пишқирдики, диван тагидан пилдираб чиққан типратикан қўрқувдан ғалтак бўлиб ўралиб олди.- Каттамиш?! Музлаткични типратиканга адмаштириб ўтирибсан-ку.
-Ахир мен...-ҳадиксираб деди Славик.-Мен бизда музлаткич бор, типратикан йўқ деб ўйлагандим.
-Оғзингни юм!-дада бақириб дивандан ирғиб турди.--Ким?! Ким у бола?! Қаерда у?..
-Қўшни уйда яшайди.-деди Славик ва йиғлаб юборди.-Унинг исми Сеня...
-Кетдик!-яна бақирди дада ва қўли билан шартта типратиканни чангаллади.-Тезроқ!
--Бормайман,-пиқиллаб деди Славик.-Музлаткич истамайман, типратикан истайман.
-Юрсанг-чи, тирмизак.-ҳириллади дада.-чиптани қайтариб олсак, сенга юзта типратикан обераман.
--Йўқ.-ҳўнгради Славик.-Обермайсиз. Сенька шундоқ ҳам алишмоқчимасди, зўрға кўндирдим...
-Кўриниб турибди даҳолигинг.-пичинг қилди дада.-Тез бўл!
Сенянинг ёши саккизда эди. У ҳовлининг ўртасида туриб, бир қўлида Славикни, иккинчи қўлида типратиканни ушлаган жаҳлдор отага ҳадик билан қарарди.
-Қани?-сўради дада Сеняга букчайиб.-Қани чипта? Безори, тиканингни олиб, чиптани қайтар!
-Менда чипта йўқ.-деди Сеня ва қалтиради.
-Қани у-қичқирди дада.-Қаерга гум қилдинг, судхўр? Сотдингми?
-Мен ундан каптар ясадим.-деди Сеня ва йиғлаб юборди.
-Йиғлама,-деди дада ўзини босиқ тутишга уриниб.-Йиғлама, болакай.. Демак, ундан каптар ясадинг... Қани ўша каптарча? Қаерда у?
-У карнизда илиниб қолди.-деди Сеня.
-Қайси карнизда?
-Ҳу, ана унда!-ва Сеня иккинчи қаватдаги карнизни кўрсатди.
Дада пальтосини ечиб, сув қувурига осилиб чиқа бошлади.
Болалар пастдан унга ҳайрат билан боқиб турардилар.
Дада икки марта сирғалди, лекин уриниб-суриниб карнизгача етиб борди ва сувдан бироз намчил тортган, сарғиш қоғоз каптарни ечиб олди.
Ерга тушгач, оғир нафас олиб дада чиптани ёйди ва уни икки йил аввал чиқарилганини кўрди.
-Уни қачон сотиб олгандинг?-сўради дада Славикдан.
-Иккинчи синфдалигимда.-деди Славик.
-Қачон текширгандинг?
-Кеча.
-Бу бошқа тираж...-ҳорғин деди дада.
-Нима бўпти?-деди Славик.-Рақамлари мос тушди-ку...
Дада жимгина четга чиқиб, скамейкага бориб ўтирди.
Юраги кўксида ҳапқириб урарди, кўз олдида қизғиш сариқ доиралар сузарди... У бошини оғиргина эгди.
-Дада,-деди Славик дадасига яқинлашиб,- Хафа бўлманг. Сенка барибир типратиканни бизга беришини айтди...
-Раҳмат,-деди дада.-Раҳмат, Сеня...
У ўрнидан туриб, уйга кетди. Бирданига ғамгин тортди. У энди ҳеч қачон енгил қалб билан типратиканни музлаткичга алишадиган вақтни қайтариб бўлмаслигини тушуниб етганди.
-
Григорий Горин

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari