"Кема ҳалокатга учрамоқда. Бу эр-хотин қутқарувга мосланган ҳаво тўлдирилган қайиққача етиб кела олишди, лекин минг афсуслар бўлсинким, унда фақат бир кишилик жой бор эди. Эркак қайиққа ўзи чиқиб ўтириб олди, хотинини эса сув ҳапқирган уммоннинг чангалида ҳалок бўлишга қолдирди. Аёл сув тагида ғарқ чўкишидан аввал эрига умридаги сўнгги жумлани айтиб ҳайқирди.- Шундай деб муаллима дарсни бошлади. Шу ерда унинг ҳикояси бўлинди.
" Нима деб ўйлайсизлар,- деди у бутун бир синф ўқувчиларига юзланиб,- бу қандай жумла эди? "
Болаларнинг кўпчилиги шоша-пиша гапира кетишди: "Сендан нафратланаман." "Кўзларим сўқир бўлган экан!" Ва худди шундай руҳдаги бошқа фикрлар билдирилди.
Синфдаги ўқувчиларнинг бари ким ўзарга чувиллашда давом этишарди, фақат бир бола бу вақтнинг ичида барчани кузатиб, жим ўтирарди.
-Сен нима деб ўйлайсан, аёл ўшанда нима деган?- сўради муаллима унга яқинлашиб.
-Менимча, у "фарзандимизни эҳтиёт қил, унга кўз қулоқ бўл " деган.
-Сен бу воқеани биласанми?-ҳайратланди муаллима.
-Йўқ, худди шу гапни ойим ўлимидан олдин дадамга айтган экан,-жавоб берди ўқувчи.
Муаллима бетини буриб, нари қаради, ёшга тўлган кўзларини ҳеч ким кўрмади дея умид қилди.
-Тўғри,- деди у.
Демак, кема сув тубига чўкди. Эркак уйига қайтиб, ёлғиз ўзи қизини вояга етказди. Орадан кўп йиллардан сўнг отаси оламдан ўтгач, қиз унинг нарсаларини тахлаётиб, кундаликка кўзи тушди, унда шундай сўзлар ёзилганди: "Биз саёҳатга йўл олганимизда унга қўрқинчли ташхисни қўйишганди. Унинг яшашига оз вақт қолганди. Э, Худойим, унинг ўрнига ўзим чўкиб ўлишни истагандим, аммо қизим туфайли бундай йўл тутолмадим. Уни фақат уммоннинг қоқ ўртасида қолдира олдим."
Болаларнинг кўзларидан ушбу воқеа уларни ларзага келтиргани билиниб турарди ва улар бугун биринчи таассурот алдамчи бўлиши мумкинлигини тушуниб етишди. Мана шунинг учун бировлар ёки уларнинг қилмиши устидан димоғни юқори қўйиб ҳукм чиқариш керак эмас, ахир биз улар ҳақида кўп нарсадан бехабар бўлишимиз мумкин.
Р. Юкк