Free HTML5 by FreeHTMl5.co Nov 06, 2022

Қадимги "қизиқ" касб

Энг қадимги эркак касбларидан бири деганда бу айримлар дарров хаёлига келтирган енгилтабиат хулқ-атворга эга йигит эмас. Бу касб "парасит" деб номланади. Ҳа, замонавий "паразит" сўзи шу юмуш номидан келиб чиққан- тўғри, Қадимги Юнонистонда "парасит" "улфат" деган маънони англатган.
Параситнинг асосий вазифаси дастурхон атрофида хўжайинлар билан ўтириб турли мавзуларда ҳушчақчақ суҳбат асосида уларнинг кўнгилларини чоғ қилишдан иборат бўлган.
Бир коса шароб устида у умр ҳақида фалсафага берилиши, бир вақтнинг ўзида ҳам латифа, ҳам ривоят айтиши, ҳамда шаҳарликлар ҳаётидан турли мишмишларни сўзлаб бериши керак  эди. Бунинг эвазига унга ҳар қандай ҳурмат-иззат кўрсатилган, қорни тўйдирилган.
Кишининг тили қанчалар узун, лаққи бўлса, уни улфатчиликнинг " коса гуллигига " кўпроқ таклиф этишган. Айтганча, агар даврани қиздиролса қул ҳам парасит бўла олган. Афсонавий Эзоп ҳам масалнавислик фаолиятини айнан парасит сифатида бошлаган: бадавлат юнонлар оқсоқ ва кўринишидан хунук тили аччиқ ўзбошимча одамни зиёфатларга чақиришни хуш кўришган.
Қадимги римликлар эстафетани юнонлардан қабул қилиб олишган, лекин римлик параситдан фалсафанамо алжирашлар талаб этилмаган: у хўжайинларни ёлғон ва ўткир ақлли гаплар билан кўнглини овлаши лозим бўлган. Ўшандан бошлаб, парасит номи бугунги замонамизга етиб келган салбий оҳанг ва маъно касб этиб борган. Қадимги Рим драматурглари эса комедиялари ичига қизғин равишда парасит қаҳрамонларни қўша бошлашган, уларда параситларнинг асосий қирралари деб эзмалик, алдоқчилик, зиқналик, бировнинг ҳисобига қорин тўйғазиш, қандай қилиб бўлмасин жанобнинг пинжига киришга уриниш каби фазилатлари кўрсатилади.
Параситлар-ўрта аср қизиқчиларининг "аждодлари" дан бири ҳисобланади: улар ҳам бадавлат зодагоннинг ҳузурида унинг ўзи ва меҳмонларини турлича эрмаклар билан хушнуд этишган. Бироқ бу бошқа мавзу тафсилотидир.

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari