Free HTML5 by FreeHTMl5.co Nov 20, 2022

Энг яхши ўқитувчи

Ўқув йилининг бошланишида олтинчи синф раҳбари-муаллима собиқ бешинчи синф ўқувчиларининг қаршисида турарди. У барча ўқувчиларга нигоҳ ташлаб чиқди, ва барини бирдек яхши кўришини, уларни кўриб турганидан мамнунлигини айтди. Бу жуда ҳам катта ёлғон эди, чунки парталарнинг бирида муаллима жудаям жини суймайдиган бир бола пинжини қисганча ўтирарди. Муаллима у билан ҳамма ўқувчилари қатори ўтган ўқув йилида танишганди. Ўшандаёқ уни ўртоқлари билан ўйнамаслигини, кир кийимда юришини ва эгнидан умрида ювинмагандек бадбўй ҳид гупуришини фаҳмлаганди.
Вақт ўтиб бориши билан ўқитувчи аёлнинг ўқувчисига нисбатан муносабати ёмонлашиб бораверди, ҳатто унда боланинг барча ёзма ишларини қизил рангга бўяб бежаб, каттакон бир баҳосини қўйиш истаги ҳам дабдурустдан уйғонарди.
Мактаб илмий мудири ходимларга ўз ўқувчиларига мактабда ўқишни бошлаганидан бошлаб берилган тавсифномаларни таҳлил этишни сўраб қолди, ва муаллима ёқимсиз ўқувчисининг ишини энг сўнггига қўйди. Ахийри унга етиб келгач, истар истамас тавсифномаларни кўриб чиқаётганида, бирданига ҳайратдан донг қотди. Уни биринчи синфда ўқитган ўқитувчи шундай ёзганди: "Бу чароғон табассумли ажойиб бола. Уй вазифаларини тоза ва озода бажаради. Унинг ёнида бўлиш ниҳоятда ҳузур. "
Иккинчи синфдаги муаллима у ҳақда буларни ёзганди: "Бу ўртоқлари ҳам севиб ёқтиришадиган яхши ўқувчи, лекин оиласида муаммо бор: онаси бедаво дардга йўлиққан, шунинг учун уйидаги ҳаёти афтидан ўлим билан олишувга ўхшайди."
Учинчи синфдаги ўқитувчи қўйидагича қайд этганди: "Онасининг ўлими унга кучли зарба бўлиб тегди. У жон жаҳди билан тиришяпти, аммо отаси унга бефарқ ва агарда чора кўрилмаса, уйидаги турмуши унинг таълимига ҳам таъсир этиши мумкин."
Тўртинчи синфда ўқитган муаллиманинг сўзлари бундай эди: "Боланинг диққати тарқоқ, ўқишга интилмайди, деярли дўсти ҳам йўқ, кўпинча синфда ухлаб ўтиради."
Тафсифномаларни ўқиб бўларкан, муаллима ўзидан уялиб кетди. У Янги йил байрамида ўқувчилари зарҳал қоғозга тасмалар билан зичланган совға салом олиб келишган кун ўзини яна ҳам бадтар ёмон ҳис этди. Унинг ёқимсиз шогирди совғаси қўпол жигарранг қоғозга ўралганди. Муаллима уни очиб, бир неча мунчоқ тошчаси етмаётган билагузук ва шишанинг чорак қисмида суюқлиги қолган атирни қўлига олди, баъзи ўқувчилар буни кўриб хохолаб юборишди. Аммо муаллима синфдаги кулгини босди ва ҳайрат оҳангида деди:-Вой, бунчалар жуда ҳам чиройли билагузук !- Ва шишани очиб кафтига атирдан бироз сепди. Ўша куни бола дарснинг охирида бироз ушланди, муаллимага яқинлашиб деди:-Сиздан бугун худди онамникидек ҳид тараляпти. У кетганидан сўнг узоқ вақт аёл ўзини кўз ёшларидан тия олмади. У шу кундан эътиборан фақат қуруқ адабиёт, ҳуснихат ва математиканинг ўзидан сабоқ беришдан воз кечди, болаларни меҳр-оқибатга, инсоний тамойилларга ва ҳамдардликка ўргатишга ҳам ўтди.
Бундай таълимдан сўнг бирмунча вақт ўтгач ёқимсиз ўқувчи ҳаётга қайта бошлади.
Ўқув йилининг охирига бориб у энг яхши ўқувчилардан бирига айланди.
Муаллима барча ўқувчиларини бирдек яхши кўришини айтса ҳам, чинакамига фақат уни қадрлаб севарди.
Орадан бир йил ўтгач, энди у бошқа ўқувчилар билан ишлаётганида синф хонаси эшиги тагидан ёзувли қоғозни топди, унда бола муаллима унинг ҳаётида учраган ўқитувчилар орасида энг яхшиси эканлиги ҳақида ёзганди.
Собиқ ўқувчисидан яна бир мактуб олишидан аввал орадан яна беш йил ўтди: у коллежни тугатгани ва юқори баҳолар бўйича синф ичида учинчи ўринни эгаллагани ва у ҳамон ҳаётида учраган энг яхши ўқитувчиликда давом этаётганини сўзлаганди.
Орадан тўрт йил ўтгач, муаллима яна бир хатни олди: унда ўқувчиси қийинчиликларга қарамасдан аъло баҳоларда университетни тугатаётганини ёзиб, ва яна у ҳаётидаги энг яхши ўқитувчиси эканлигини таъкидлаганди.
Орадан тўрт йил ўтгандан сўнг яна бир мактуб етиб келди. Бу гал у университетдан кейин билим даражасини оширишга қарор қилгани ҳақида ёзганди. Энди унинг исми ва фамилияси олдидан доктор сўзи турарди. Бу хатда ҳам уни умрида учратган энг яхши ўқитувчи деб ҳисоблашини айтиб ўтганди.
Вақт ўтиб борарди. Мактублардан бирида у бир қиз билан танишгани ва унга уйланмоқчилигини, икки йил аввал отаси вафот этгани, унинг тўйида куёвни онаси ўтириши лозим жойга уни ўтиришга таклиф этмоқчилигини ёзди. Муаллимадан бунга розилик сўради.
Албатта, ўқитувчи бунга рози бўлди. Ўқувчисининг тўйи кунида у ўша тоши етишмайдиган билагузукни тақди, бечора болакайга онасини эслатадиган атирдан сотиб олди.
Улар учрашишди, қучоқлашиб кўришишди, ва йигит қадрдон ҳидни туйди.
-Ўзимга ишонч, қадр уйғотганингиз учун раҳмат, ўзимга ўзим керакли эканлигим ҳақида, ўз кучимга таянишимга умид бағишлаганингиз учун, ёмонни яхшидан фарқлашни ўргатганингиз учун раҳмат сизга.
Муаллима кўзида ёш билан жавоб қайтарди:
-Хато қиляпсан, аслида сен мени ҳаммасига ўргатдинг. Сен билан танишмагунимча қандай билим беришни билмасдим...

А. Назарова

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari