Қадим-қадим замонларда, эрамиздан юз йиллар аввал қадимги Хитойда бир шаҳзода уйланишга аҳд қилибди. Донишманднинг маслаҳати билан у салтанатнинг барча бўй етган қизларини чақириб, улар орасидан ўзига муносибини танлаб олмоқчи бўлибти.
Шоҳ саройида ишловчи бир хизматчи аёл келин танлашга тайёргарликни эшитиб, қайғуга чўмибти, чунки унинг қизи шаҳзодага зимдан ошиқу беқарор бўлиб юрганди. Қиз онасига кўрикда қатнашмоқчи эканини айтди.
-Қизгинам, у ерда сенга нима бор?,- тажангланиб деди аёл,-Сен унча бой ҳам, соҳибжамол ҳам эмассан.
Қиз бунга шундай жавоб берди:
-Ҳа, мени ҳеч қанақасига танлашмайди, лекин бир неча лаҳза бўлса ҳам шаҳзодани кўриш имкониятидан фойдаланаман.
Ваъда этилган кун шаҳзода қизларга эълон қилди:
-Мен сизларга бир донадан уруғ бераман. Кимки олти ой ўтгач, менга ундан ундирилган энг чиройли гулни келтирса, ўша қиз Хитой маликаси бўлиб етишажак.
Хизматкорнинг қизи ҳам ўзининг уруғини олиб , уни тувакка қадади. Орадан уч ой ўтди, бироқ уруғдан ҳеч ниш чиқмасди. Қиз барча воситаларни ишга солди, гулни қандай парваришлаш лозимлигини ўргатган боғбонларни маслаҳатга чорлади, ҳеч бири наф бермади- гул тувакда унмади.
Янги қабул куни вақти келди. Қиз ҳеч нима ўсмаган тувакни кўтариб келди ва қараб кўрдики, бошқа талабгор қизлар ундан фарқли муваффақият қозонишганди, уларнинг гули қийғос очилган, ажойиб, турлича шакл ва тусда эди.
Ниҳоят узоқ кутилган пайт бошланди.. Шаҳзода чиқиб, ҳар бир қизга диққат билан разм солди. Ҳаммасини айланиб, натижага келди - хизматкор аёлнинг қизига уйланишини эълон қилди.
Атрофда пичир-пичир бошланди: ахир гулсиз тувак кўтарган қиз танландими, бу қизнинг нима ҳаққи бор?
Шунда шаҳзода секин деди:
-У қизларнинг ичида ёлғиз ўзи маликага хос бўлган гулни ўстирди. Бу ор-номус гули. Мен тарқатган уруғларнинг бари ўлик эди. Гул тугиши мумкинмасди!
Тушунча: Чинакам муҳаббатга самимийлик ва номус хос. У ёлғонни кўтара олмайди!