XX аср ўрталарида рязанлик оддий бир рус қизи нафақат Монголия МҚ бош котиби қалбини забт этганди, бутун мўғўл халқининг ҳам муҳаббатини қозонганди.
Серғайрат, хушмуомала ва доим жилмайиб турадиган Настя мўғулларни ўзига мафтун эта олди, тўғри дастлаб уни нохуш қаршилашган, Кремлнинг айғоқчиликка юборилган жосуси деб қабул қилишганди.
ПАРЧАЛАНГАН ЮРАК
Анастасия Филатова Рязань вилоятининг Сапожок деб чиройли номланадиган кичикроқ шаҳрида туғилган. Мактабни битиргач, у Москвага йўл олди, бу ерда савдо вазирлигининг комсорги бўлиб етишди. МҚ бош котиби Юмжагийин Цэдэнбал билан танишуви бу чинакам махсус амалиёт эди, бироқ Настянинг ўзи бу ҳақда орадан йиллар ўтгач огоҳ бўлади.
1941 йили қизнинг Дмитрий исмли қайлиғи бор эди. Йигит фронтга кетганида у кутишини, бир куни албатта тўй қилиб, биргаликда саодатли умр кечиришга ваъда берганди, бироқ Дмитрий 1943 йили фронтдан хат ёзиб, уни кутиб ўтирмаслигини, бошқа аёлга кўнгил қўйиб, унга уйланганини маълум этганди.
Настянинг юраги парчаланганди ва ўшанда ҳаётида камгап, олижаноб ва ўта тарбияли монголиялик йигит пайдо бўлди.
ТИБЕТ ИБОДАТХОНАСИ ВА ПАРТИЯ МАНСАБ ПИЛЛАПОЯЛАРИ
Юмжагийн Цэдэнбалга партия ходими бўлиб етишиш етти ухлаб тушига ҳам кирмаган, уни фалсафа, қадимги китоблар ва ҳаёт ҳақидаги чуқур мушоҳадалар қизиқтирарди. Лекин ёш Юмжагийннинг отаси қашшоқ оиладан бўлиб, ўғлига Тибет ибодатхонаси тингловчиси киядиган ипак либосни сотиб олиб беролмасди.
Кичкинтой Юмжагийн мактабга борганида отаси кеч бўлмасидан у ердан қочиб қолишни маслаҳат беради: биринчи гал у бировнинг отини ўғирлади, иккинчи сафарда эса даштдан уйга пиёда қайтди. Аммо сўнгра унга ўқиш ёқиб қолди ва бунинг ортидан ҳаёти тубдан ўзгариб кетди.
1924 йили Монголия Халқ Республикаси ташкил топди. Ипак камзул ва патли қалпоқдаги Хитой амалдорлари ўрнига ҳарбий формада ястанган совет комиссарлари ва игнада бежирим тикилган костюмни кийган партия мулозимлари пайдо бўлди. Янги Монголия илдам одим билан олға кетаётганди, Цэдэнбални ҳам худди шундай шахдам парвоз кутаётганди.
1938 йили Юмжагийн Цэдэнбал Иркутскдаги институтни битириб, техникумга бошчилик қилди, кейин эса Монголия Халқ-инқилоб партияси раҳбари бўлиб етишди.
РЕЖАЛАШТИРИЛГАН ТАҚДИРНИ ҲАЛ ЭТУВЧИ УЧРАШУВ
Ю. Цэдэнбал Россия билан алоҳида шуғулланарди, рус ва совет шоирларининг шеърларини ёддан биларди, рус адабиётини мутолаа этиб, рус қизига уйланишни орзу қиларди. Унинг бу нияти ҳақида СССРнинг Монголиядаги элчиси Николай Важин хабардор эди. Рус гўзали Настя ва мўғул амалдорининг илк учрашуви айнан Важиннинг квартирасида ўтганди. Ўшанда Настя камсуқум, камтар йигитга аҳамият ҳам бермаганди, у эса қизнинг ҳусни жамоли ва ғайратидан лол қолганди.
Ва рус қизидан олган таассуротини Николай Важнов билан бўлишади, у эса МХИП МҚ бош котибининг рус қизини ёқтириб қолгани ҳақида тепадагиларга баёнот беради. Партия раҳбарияти Анастасия Филатова номзодини муносиб деб топади ва Важинга мазкур жуфтлик қандай бўлмасин оила қуриши кераклиги борасида топшириқ беради.
Настя ва Юмжагийннинг илк ўпишиши ҳам Важин режиссёрлигида уюштирилади. У Юмжагийн ва Анастасияни ўғлининг туғилган кунига чақиради. Байрам тортидаги шамлар ўчирилгач, болача ёш йигит-қизни қўли билан кўрсатиб, уларнинг ўпишишларини ҳоҳлашини айтади.
Шундан кейин улар учраша бошлашади. Настя Юмжагийннинг илтифотларини бажонидил қабул этарди, бироқ мўғул сиёсатчисининг унинг қалби ва қўлини сўрагани ҳақидаги таклифига рози бўлишга узоқ иккиланди.
Қиз билан зарур суҳбатлар ўтказилди ва тез орада у Юмжагийннинг турмуш ўртоғига айланиб, у билан Монголияга жўнаб кетди.
МЎҒУЛИСТОН ХЎЖАЙКАСИ
Монголияда уни эҳтиёткорона кутиб олишди. Кўпчилик давлат раҳбарининг завжасини СССРнинг мўғул сиёсатчилари изини пойлайдиган ўзига хос кузатувчиси деб ўйларди. Бироқ серғайрат, хушмуомала ва юзидан табассуми аримайдиган Настя мўғул халқини ўзига қарата олди. Худди ўғиллари (Вячеслав ва Зориге) га каби куюнгани каби бутун мўғул болалари ва аёлларига ғамхўрликда бўлди.
Анастасия Филатова Осиёда биринчи болалар маркази ва жамғармасига асос солди. Филатова Монголияда бунгача бўлмаган аёлларнинг тўрт йиллик ҳомиладорлик таътилини жорий этди, болалар учун тўгараклар, боғчалар, пионер лагерлари ташкил этди. Тиришқоқ биринчи хоним даврида оналар ўлими тўрт(!) баробарга камайди.
Биринчи хоним жамғармаси мамлакатнинг асосий идорасига айланди, у ёш авлодда иқтисод қилмоқчи бўлган амалдорлар билан муросасиз курашда бўлди. Ундан барча қўрқарди ва маълум вақт Монголия болалар учун яшаётган мамлакатга айланди. Леонид Брежнев билан учрашуви пайтларида у болалар жамғармаси учун маблағ сўрарди. У эса юзини бужмайтириб дерди: "Сен, Настя, совет халқига қимматга тушяпсан." Бироқ унга ҳеч нимани рад этмасди.
ХОТИРАДАН ЎЧИРИЛИШ ВА ҚАШШОҚЛИК
Аммо вақт ҳеч кимни аямасди, унинг суюкли эри Юмжагийн Цэдэнбал ичкиликка жадал муккасидан кетди- ёшлигида зарур алоқани ушлаш учун ичишга одатланиб, кейин эса у ароқдан ўзини тўхтата олмасди. Турмуш ўртоғи ишда гарангсиб қолмаслиги учун хотини унинг чўнтагига керакли сўзлар, ишлар рўйхати ва ҳужжатларни солиб қўярди. Аёл эрининг кун сайин заифлашиб бораётганини кўриб, Монголиядаги ҳукуматни ўз қўлига олди. СССР етакчилигида Брежнев турганида бу унга қўл келганди. Бироқ генсек ўлган заҳоти эри ва унинг фаолияти уфққа қараб шўнғий бошлади.
Цэдэнбални соғлигига кўра бош котиб лавозимидан четлатишди. 1990 йили қайта қуриш тўлқинида Цэндэбални майорлик унвони ва бошқа совет медалларидан маҳрум этишди. У 1991 йили хотини Настянинг қўлида жамият томонидан унутилган ҳолда вафот этди. У ўлимига довур севимли рафиқасига шеърлар ёзди. Анастасия Филатованинг чуқур таажжубига кўра турмуш ўртоғини армия генерали сингари юксак эҳтиромлар билан дафн этишди.
Оиланинг ўзи эса чинакам қашшоқликка рўбарў келди. Собиқ биринчи хоним қимматбаҳо буюм ва тақинчоқларини сотишга мажбур бўлди. Анастасия Россияга қайтиб, тўнғич ўғли билан яшай бошлади. Кичиги Зориг оиласи ва бувиси шарафига номланган Настя исмли қизи билан Монголияда қолди.
1999 йили Анастасия шифохонада даволанаётганида катта ўғли номаълум сабабларга кўра вафот этди. Анастасия Цнэдэбал-Филатова 2001 йили 81 ёшида оламдан ўтади.
Ҳозир кичик ўғли Зориг Москвада илмий тадқиқот институтида фаолият юритади.
Ҳозирда Юмжагийн Цнэдэбал номи яна мўғул халқи оғзига тушган. Унинг бошқаруви даврини олтин аср деб аташмоқда, ўзини эса сўнгги юз йиллиедаги энг яхши мўғул ҳукмдори санашмоқда.