Исо Мавлуди арафаси онамнинг хатларини ажратиб тахларканман, у ҳикоя қилиб берган бир воқеа ёдимга тушди.
"Мен ойимнинг ёлғиз фарзанди эдим. У кеч турмушга чиққан, шифокорлар унга бола туғишни тақиқлашганди. Ойим шифокорларнинг маслаҳатига қулоқ солмади, қўрқув остида таваккал қилиб, ҳомилани олти ой қорнида сақлагач, кейин илк марта аёллар тиббий кўригига келди.
Мен тилаб олинган ўғил фарзанд эдим: бобом ва бувим, дадам ва ҳатто ўгай опам мени еру кўкка ишонмасдан атрофимда парвона эдилар, ойимни эса асти қўяверасиз, ягона жигарбандини пуф-пуфлаб катта қилаётганди.
Ойим жудаям эрта ишга чиқди, ишгача етиб олишдан аввал мени Тимирязев Академияси ёнидаги, "Эманча" болалар боғчасига олиб бориши керак эди. Ишга улгуриш учун ойим энг саҳарги биринчи трамвай ва автобусларга минарди, қоидага кўра уларни доим бир хил ҳайдовчилар бошқарарди. Биз трамвайдан чиққач, ойим мени боғча ҳовлиси эшигигача олиб келарди, тарбиячи қўлига топширарди-да, яна бекатга чопарди ва... навбатдаги трамвайни кутарди.
Бир неча бор кечикишлардан сўнг уни ишдан четлатиш билан огоҳлантиришди, биз эса барча қатори камтарона кун кечирардик, фақат дадамнинг маошига суяна олмасдик, онам бўлса ўшанда юрагини ҳовучлаб бир қарорни қабул қилди: мени, уч яшар болани бир ўзимни бекатдан қўйворадиган бўлди, яъни трамвай бекатидан боғча ҳовлисигача ёлғиз етиб олишимни ойим чамаларди.
Бу бизда илк уринишимиздаёқ хайрли амалга ошди, аммо онамга ўша лаҳзалар ҳаётидаги жуда узоғи ва оғири эди. Мен ҳовлигача кириб бордимми, ёки пўстин ва шарф, телпак ва этикда бурканиб ҳалиям судраляпманми- шуни кузатиш учун ойим ярим бўш трамвайнинг у учидан бу учига безовталаниб изғирди.
Орадан бир қанча вақт ўтгач, у тўсатдан трамвайнинг жудаям секин юриб, мен боғча ичига кириб, кўздан йўқолганимдан сўнг тезликда илдамлашиб кетаётганини сезди. Бу ҳолат болалар боғчасига уч йил қатнагунимча шу тарзда давом этди. Ойим бундай ғайритабиий қонунийликни тушунишга ожиз эди ва тушунишга интилмасди ҳам. Асосийси унинг қалби мен учун хотиржам эди.
Барчаси орадан бир неча йил ўтгач, мен мактабга бора бошлагандан сўнг аён бўлди. Биз ойимнинг ишхонасига кетаётгандик, трамвайнинг ичида ҳайдовчи аёл менга қараб баланд овозда деди:
-Салом, кичкинтой! Катта бўлиб қолибсан-ку! Эсингдами ойинг билан сени боғчагача кузатиб қўярдик ?! "
Орадан кўп йиллар ўтиб, ҳар гал "Эманча" бекати ёнидан ўтаркарман, ҳаётимдаги мазкур кичик лавҳани хотирлайман ва шунда бу аёлнинг қилган яхшилигидан юракда илиқлик югуради, зотан у ҳар куни беғараз кичкина хайрли амалга оширган, ўзига нотаниш одамнинг хотиржамлиги учун ҳар доим шунчаки трамвайни озгина ушлаб тўхтатиб турганди.
А. Темуров