Free HTML5 by FreeHTMl5.co Dec 24, 2022

"Икки бошли булбул" ёки заҳматлардаги хайрли кечмиш

Туғруқни қабул қилаётган доя аёл бир сапчиб, бақириб юборди ва тез-тез чўқина кетди. "Нима гап ўзи,"- деди туғаётган аёл ётган жойидан туришга уриниб." Бу.... Маҳлуқот! "- деди кекса аёл юрагини чангаллаб. Қичқириқдан хонага кўзи ёриган шўрпешона аёлнинг эри отилиб кирди.
У чақалоққа нигоҳ ташлаб, бирданига орқага бир неча қадам тисарилди, сўнг ўзини босиб, болани қўлга олди. "Ҳеч ким бу ҳақда билмаслиги керак."- дея шивирлади у." Ҳеч ким! "
Ушбу воқеа 1851 йили Шимолий Каролина фермаларини жазирама иссиқ бўққан июль кунларининг бирида рўй берди. Барча ўз юмуши билан банд эди, кулбалар орасидан қуллардан бири Жейкобнинг ўғли чопиб ўтиб қолди. Бола онаси учун зудликда доя топиш ташвиши билан юрганди. Бунинг ажабланадиган жойи ҳам йўқ эди: Монемия саккизинчи бор она бўлишга тайёрланаётган ва уни олдинда нима кутаётганини ўзи жуда яхши биларди. Бироқ орадан бир неча соат ўтиб эгизак қизалоқлар Милли ва Кристин дунёга келганида ҳеч ким кўзи билан кўрганига ўзи ишонмасди. Дастлаб дояга бола битта бўлиб туғилгандек эди, бироқ унинг иккита боши, тўртта қўли ва тўртта оёғи бор эди. Фақат қизларнинг белдан пастки қисми ва тос суяклари бир бирига туташганди. Даҳшатдан чекиниб, ота-оналар кичкинтойларни эҳтиётлаб яшириш пайига тушишди: мабодо бир бирига қўшша эгизаклар туғилгани ҳақида хўжайинлари Жабез Маккей эшитса, у
улар билан нима қилиши мумкинлигини ўйлаш қўрқинчли эди.
Аммо Монемия ва Жейкоб қанчалик кўп уринишмасин, қизчаларни узоқ яшириш амримаҳол эди. Мистер Маккей болаларни туғилишида ота-онаси кутганидек даҳшатли аломатларни кўрмади, аксинча улар орқасидан бойиш воситасини англади.
Милли ва Кристин бир ёшга тўлмасидан хўжайин уларни биринчи дуч келган мажруҳлар циркига бериб юборди, эвазига қўлга тушган даромаддан цирк эгаси Маккейга фоиз тўлаши лозим эди. Хуллас, кичкинтойларни бир неча ой ичида қўлма қўл қайта ва қайта сотишди, бундан сўнг яна ва яна...
Қизчалар бир зиқна қўлдан наригисига ўтарди, уларга ҳеч бир ғамхўрлик кўрсатилмасди, улар томошага омма қаршисига ажабтовур ҳайвонлардек олиб чиқиларди, холос. Милли ва Кристиннинг ҳаёти ўта ёш пайти бадавлат киши Жозеф Пирсон Смитнинг қарамоғига ўтмаганда балким бевақт узилган бўларди.
Афтидан уларнинг турмушида нисбатан барқарор бир давр бошлангандек эди: Смит қизчаларнинг орқасидан фойда кўриши билан бирга уларга қарашарди. Илк бор "Каролина эгизаклари" кенг оммага йирик ярмаркада 1853 йили намойиш этилди.
Қизчалар кўпдан кўп олқишлар олишди, ҳатто керагидан ортиқ диққатни тортишди. Ярмарка бошқарувчиси " кичкина маҳлуқлар" намойишига қанча кўп пул топиш мумкинлигини чамалаб, Милли ва Кристинни ўғирлаб, чегара ташқарисига олиб чиқиб кетди, бу ерда улар шахсий тартибда шифокорлар кўригидан ўтказилди.
Ўзининг "қонуний" соҳибидан узоқда бўлган эгизакларни уч йилдан сўнг яна қайтадан пуллашди, кейин эса Англияга олиб келишди. Ярмаркада ниҳоят қизалоқлар Смит ва оналари Монемия билан бирга бўлишди, улар болаларни қолганлардан олдин сотиб олишга улгуришди.
Мазкур дийдорлашувдан сўнг бўлиб ўтган шов-шувли маҳкамада бола ўғрилари опа-сингилларга уларда кўпроқ ҳуқуқ борлигини даъво қилишди, ҳатто қасамёд остида Кристин ва Миллини туққан онаси эканини уқтирган қора танли аёлни ёллашди. Бироқ адолат қарор топди: Смит ва Монемия маҳкамани ютиб чиқишди ва қизлар билан Шимолий Каролинага қайтишди.
Бу ерда Смит уларнинг таълим олишига кўп харажат қилди: улар ўқишни, ёзишни, рақсга тушишни, бир неча тилларда сўзлашни ўрганишди. Шунингдек, фортепианода куй чалишни бошлашди. Аён бўлишича, қизлар ажойиб овозга эга эдилар ва бу қобилият алоҳида шакллантирилиб, улар қўшиқ номерлари билан чиқдилар.
1863 йили "Озодлик тўғрисида мақом" қабул этилгач, қизлар қулдек саналишдан қутулишди, аммо барибир Смитнинг хонадонида қолишни маъқул топишди, концертларда иштирок этишни давом эттиришди. Опа-сингил Маккойлар ажабтовур машҳурликка эришишди, улар дунёнинг қатор мамлакатларида "Икки бошли булбул" тахаллуси билан ижодий сафарларда бўлишди. Улар ҳатто қиролича Виктория ҳузурида ҳам қўшиқ ижро этишди, қиролича эса ўз ўрнида қизларнинг ижодидан жудаям мамнун бўлди.
Милли ва Кристинларнинг ўзи бир неча марта турли исмларда аталишса ҳам ўзларини бир инсон деб билишларини айтишган ва фан бунга йўл қўйган тақдирда ҳам бир тандан ажралишни истамасликларини баён этишган.
"Биз ўз қисматимиздан шодмиз ва сўнгги кунимизгача бахтлимиз. Бизда битта юрак, битта туйғу, бир тилак ва бир мақсад мавжуд,"- деб ёзишганди Милли ва Кристин Маккой таржимаи ҳолларида.
Уларнинг ижроси шу даражада кўп томошабин йиққан эдики, улар фермада топган маблағларига ўзлари ва оила аъзолари учун ҳашаматли уйни бунёд эттиришганди.
1880 йиллар охирида опа-сингиллар саҳнани тарк этишди, ва тўла-тўкис фермага кўчиб ўтиб, хайрия тадбирлари, шунингдек, қора танлилар учун мактаб ва черковлар шароитини яхшилаш билан машғул бўлишди.
Милли ва Кристина Маккой 1912 йили сил касалидан вафот этишди, уларнинг ёши 61 да эди.

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari