Free HTML5 by FreeHTMl5.co Feb 07, 2021

"Қизғанма ва тортиб олма"

 

  Бу китоб қандай номлангани эсимда йўқ. Ёдимда қолгани  муқоваси суратидаги  елкан ичида қандайдир рамз алвон бўлиб йилтилларди.

  Мен мутолаани унчалик ёқтирмасдим, лекин уйимиздаги кутубхонадан синфдошларимга китобни ўқишга бажонидил бериб турардим. Петька Солодков портфелидан уни чиқариб, стол устига қўйди. Биз дераза олдида, октябрь ойининг бўғилган осмонига қараб, ундан гўё “пар” каби тушаётган яккам-дуккам қор парчаларини томоша қилардик.

  -Санёк, китоб учун раҳмат!Туни бўйи бош кўтаролмай ўқиб чиқдим!- деди мамнун жилмайиб Петька ва қўлимни қисди.

  Шу пайт синфга партадошим Колька Бабушкин кириб келди. Бурундор, аммамнинг бузоғи, ўзини тартибга сола билмайдиган...У отасиз эди.Унга ва синглисига онаси қарарди, жанжалкаш ва бақироқ аёл болаларини ким хафа қилса, орани очиқ қилиш учун мактабга келиб турарди. Унинг бундай тарафкашлиги бечораҳол арзандасига нафратомуз, беписанд муносабатимизни кучайтирарди, холос.

  Бабушкинни кўриб, барча қовоқ солиб,жим бўлиб қолди, у бош ирғаб саломлашганда, унга ҳеч ким қиё ҳам боқмади.У стол устига униққан чарм портфелини қўяётиб, китобни кўриб қолди. У партанинг унга тегишли қисмида турарди.

  Бабушкин қотиб қолди ва худди муқаддас нарсага тегингандек, китобни авайлаб қўлига олди.

  -Санёк, унга қара!- дея Петька мени туртди. Мен ҳайронликдан илжая бошладим.

  Бабушкин китобни варақлади ва юзида ғалати, ҳайратда қолгандек табассум югурди.

  У  бизга ялт этиб қаради ва тўсатдан деди:- Совға учун раҳмат!

  Мен анқайишдан ўзимга келиб, гўё ҳушёр тортдим.

  -Китобни тезда жойига қўй ва бировни  нарсасига тега кўрма!-дея бақириб юбордим.Бабушкин қўрққанидан тисарилиб кетди ва китобни тушириб юборди.

  Ҳамма қаҳ-қаҳ отиб куларди.У эса ер ёрилиб, унга киргудек,уятдан юзи  қизариб лов-лов ёнарди. Шоша-пиша ердан кўтариб, муқовасини  артти-да, китобни ўзидан нари сурди. Ўзганинг нарсасига бехосдан тегиниб қўйгандек, узрнамо деди:

  -Бугун туғилган куним эди, шунга мен...

  Ўшандан буён ўттиз йил ўтди. Ортимга боққанимда, атрофимизни қанчалар ғам-андуҳ ва бахтсизликлар қуршаб олганини кўраман, бунга қандайдир тарихий қонуният ёки илоҳий кучлар эмас, менга негадир ўша китоб сабабчидек туюлаверади.Ҳа, ўшанда англамасдан инсон эътиқодининг улкан биносига дарз етказиб қўйдим, бировнинг кўнглини оғритдим ва ўз хатоимни тузатишга ўзимда жасорат топа билмадим.

  Бизнинг йўлларимиз ҳар ёққа айро кетди, унда ҳам  ҳаммага алоҳида  оғриқли ва танҳоли..Унда йиқилганларни турғизадиганлар энди йўқ...Бу китоб эса...Колёк, сенга бутун бир кутубхонани берган бўлардим.Биз ҳаммамиз сенга барчасини берган бўлардик. Бироқ у университетнинг иккинчи курсида ўқиётганимда Афғонистоннинг Кандаҳорида танк ичида ёниб кетди.Қайғу менинг ажралмас ҳамроҳим бўлиб қолди.У менга саккизинчи синфдаги довдир синфдошим нигоҳи билан тикилиб, сабр ила эслатади:ҳаёт қисқа, улгурмаслик мумкин, шунинг учун бера оладиганингни зинҳор қизғанма, сўрашганини эса ҳеч қачон тортиб олма.

 

       Виктор Дроганов.

Saxifadagi eng mashxurlari
Eng mashxurlari