Кунларнинг бирида ёшгина бир аёлнинг хонадонидаги кактус гуллади. Шунгача у тўрт йил давомида қовоғи уйиқ, соқоли қиртишланмаган фаррош амакидек дераза токчасида қаққайиб турарди.-Қизиқ, мени қаҳри қаттиқ, юраксиз шаллақи хотин деб ҳисоблашади,-дея ўйлади аёл.-Бу бариси нотўғри, бағритош ва ёвуз кишиларда кактуси гулламайди.
Кактус ҳақидаги ёқимли хаёллар оғушида кетиб бораркан, аёл метрода бехосдан тунд бир эркакнинг оёғини босиб олди. Унинг даккисига жавобан доимгидек "Агар шунақа бек йигит бўлсангиз таксида юринг," деб ҳақоратомуз бақириб-чақириб солмади, Аксинча жилмайди:
-Мендан ранжиманг, илтимос, бирон нимага суяниб туришнинг иложи йўқ, истасангиз меникини ҳам босинг, шунда тенг бўлади.
Бадқовоқ эркак унга жаҳлланиб айтмоқчи бўлган сўзларини ичига ютди. У ўз станциясига чиққач, газета сотиб оларкан, қайтимда адашган сотувчи аёлга тўнка сигир дея сурбетлик қилиш ўрнига, деди:
-Ҳеч ваҳимали жойи йўқ, қайтадан санаб чиқинг, мен ҳам эрталаблари математикага уқувим у қадар кучли эмас.
Бундай жавобни кутмаган сотувчи аёл кўнгли юмшаб иккита эски журнал ва бир тўплам қолиб кетган газеталарни тутқазди. Бу нафақахўр киши доимги мижози бўлиб, у ўқишни жудаям севарди, пули озлигидан арзон газета харид қиларди.Тўғри, сотилмаган молни хатлаш шарт эди, лекин бунинг ҳам бир иложини топса бўларди.
Кўнгли тўлган чол бир қучоқ газеталарни кўтариб уйига келди. Юқори қаватда яшаётган қўшни аёлни учратиб, доимгидек " болангиз тепамда филдек топиллаб, дам олишга йўл қўймайди, уни тарбияланг" деб жанжал кўтармади. Аксинча унга боқиб, ҳайратланди.
-Қизчангизнинг бўйи чўзилибти, сизгами ёки отасига ўхшаганини фаҳмлай олмаяпман, лекин гўзал қиз бўлади ҳали, менинг фатвоим ўткир.
Қўшни аёл боласини боғчага олиб борди, рўйхатга олиш идорасидаги ишида ўрнашиб, кеча шифокор қабулига ёзилиб, бугун келган паришонхотир кампирга одатдагидек аюҳаннос солмади. У шундай деди:
-Майли, ҳечқиси йўқ. Хафа бўлманг, мен ҳам баъзида ишларимни унутаман. Бир дақиқа кутиб туринг, мен доктордан сўраб чиқаман, балким у сизни кўриб қўяди.
Қабулда бўлганда буви таъсири тез, бетоблигини бир лаҳзада тузатадагиган, аммо арзон дори ёзиб беришни талаб қилмади , акс ҳолда қўйи ташкилотлардан тортиб, ҳатто Страссбургдаги инсон ҳуқуқлари судигача мурожаат қилиш билан қўрқитмади. Бир хўрсинди-да, деди:
-Ҳали эсим бутунлай оғмаган, қариликни даъволаб бўлмаслигини тушунаман. Мени кечиринг, доктор, худди ишга қатнагандек олдингизга келиб, сизни бўлар бўлмасга безовта қилдим.
Оқшом чоғи шифокор ишдан уйига отланаркан, тўсатдан буви ҳақида эслади ва унга раҳми келди. У негадир ҳаёт одатий ғавғолар ичида бир зумда ўтиши ҳақида қайғурди ва илкис ичида уйғонган ҳоҳишга кўра, бир тўхтаб, ёндаги супермаркетга йўналди, гулдаста ва атиргул кремли торт сотиб олди. Ва мутлақо бошқа томонга бурилди. Уйга яқинлашди, учинчи қаватга кўтарилиб, эшикни тақиллатди.
-Мен гўё қумда ўйнаётган ёш болалар сингари ниманидир талашишаётганимиз ҳақида ўйлаб қолдим. Сенга торт сотиб олдим, лекин бехосдан устига портфелимни қўйганимдан у пачақланди. Бу қўрқинчлимас, таъмига таъсир қилмайди-.. Сенга гул ҳам олдим, лекин портфель туфайли улар ҳам буришибти. Балким тикланар?
-Албатта тикланади,-жавоб берди аёл.-Биз уларни жонлантирамиз. Менда эса сенга хушхабар бор. Тасаввур қиляпсанми, бугун тонгда уйғониб, деразага қарасам, менда кактус гуллабди. Бир қара?!
-