Чиндан ҳам аёллар аслида нима исташларини ўзлари билишмайди. Бир хиллари собиқ эрларини болаларидан хабар олмаганликда айблашади. Баъзилари бунга қаршилик кўрсатишади. Менинг собиқ хотиним худди шу тоифадан.
Ажралишганимизга уч йил бўлди. Тинчгина айрилдик, чунки талашиб бўлишадиган ҳеч нима йўқ эди. Қизчам онаси билан қолди, бунга моънелик билдирмадим. Ҳар ҳафта дам олиш кунлари учрашардик, алимент пулини вақтида тўлардим ва фарзандим тарбиясида фаол қатнашардим.
Собиқ хотиним илк кунларданоқ шахсий ҳаётини бутлашга киришди, шунинг учун ярим йил ўтмасдан уйда бошқа эркак пайдо бўлди. Менга барибир эди, аммо бу одам мени кўриши заҳоти тутақарди. Биз қизчам билан уни жиғибийрон этмаслик учун ўрталиқ ҳудудда учрашардик. Бироқ бу ҳам камлик қилди. Рафиқамнинг янги маҳбуби нуқул менга тиркалиб олганди, мени тинч қўйиш нияти кўринмасди.
Орадан бир йил ўтгач собиқ хотиним турмушга чиқди. Янги эри нафақат уни, қизимни ҳам мендан қизғанарди. Қизчам онасининг йўриғига кўра уни "дада" деб ҳам атай бошлаганди. Бунинг менга фарқи йўқ эди, чунки ёш бола масаланинг тўлиқ моҳиятини тушунмаслигини билардим. Бироқ сўнгра ўзимни беэътибор қолдира олмайдиган ҳолат юз берди- қизчам ўзини мендан йироқ тута бошлади. У кўришганимизда доим йиғлаб хархаша қиларди, мени "амаки" деб чақирарди. Табиийки нима бўлгани билан қизиқдим. Жавобига эса буни эшитдим:
-Дадамнинг айтишича, сиз ёмонсиз. Сиз билан учрашмаслик керак.
Мен собиқ хотиним билан гаплашдим, аммо у барини инкор этарди. Шу гапларнинг устидан у билан доим тортишардик, менинг уйимда томир отган янги эр билан эса ёқалашиб урушишгача бордим. У фарзандим билан муносабатимга дарз етказганди, буни ҳеч ҳам кечиролмасдим.
Орадан бир неча ой ўтгач хотиним менга қизимни кўришга келмаслигимни баён қилди, чунки у бунга муҳтожмас, ахир дадаси бор унинг, иккита дада эса ортиқча эмасми? Мен туфайли эри билан ўртасида совуқчилик тушаётган экан, шунга зудликда масалани бир ёқли қилишим лозим.
-Келинг, келишиб оламиз. Уни ҳар ойда бир марта яширинча олдингизга олиб келаман. Фақат бу ҳақда бирор киши киши билиб қолмасин,-деди хотиним.
Мен эса ҳангу манг қотиб қолгандим. Нега энди ўз пушти камаримдан бўлган фарзанд билан кўришмаслигим керак? Яъни алимент тўлашим шарт, аммо қизим билан учрашишга келганда-йўқми? Мен унинг кўзига лўқ қараб, агар қизчамни мендан иҳоталашни бас қилишмаса, уларни судга беришимни айтдим.
Шундан кейин гап-сўз тингандек бўлди. Фақат шуниси сезилдики, бу тажанг ота-она қизчамни менга қарши қирпичоқ қўйишдан тўхташмаган. Лекин мен таслим бўлмоқчи эмасман, ўз жигаргўшамдан воз кечмоқчи эмасман. Мен унинг ягона отасиман, ахир . Тамом-вассалом!
А. Давидов